300 га яқин ҳамюртларимизнинг мазкур масала юзасидан мулоҳазаларини ўргандик. Уларнинг энг муҳимлари билан таништирамиз.
Аввалроқ, 200 кишилик ош, 2 кишилик куёвнавкар ва келин уйини куёв жиҳозлаши ҳақида таҳлилий мақола эътиборингизга ҳавола этган эдик. “Одамлар нима дейди?” рукни остидаги мақола орқали юртдошларимизнинг фикри билан қизиқдик. 300 га яқин кишиларнинг фикрларини ўргандик. Уларнинг энг муҳимлари билан таништирамиз.
Мадинахон Умаржонова:
Ёшлар ўзи ишлаб, ҳамма ҳаражатини ўзи қоплай оладиган даражага етганида оила қуришга рухсат этилсин. Шунда ҳамма ўзи учун ўзи ҳаракат қилади. Кейин оилалар ҳам мустаҳкам бўлади. Ота-оналар тўйга ажратадиган пулни фарзандларининг ўқишига, ҳунар ўрганишига сарфлайди. Нафақат йигитлар, қизлар ҳам ўзини тиклаб, пулнинг қадрига етиб, пул топиш машаққатини билганидан кейин, икки ёш қандай орзу-ҳавас бўлса, рўёбга чиқаришса ярашади.
Шахло Нурматова:
Уйни куёв жиҳозлайдиган бўлса, қайноналар келин қадрига етган бўларди. Натижада оилалар бузилмас эди...
Шаҳноза Ф.:
Агар шундай бўлса, куёв тараф ҳамма нарсани мен қилдим деб келинни хизматкордай ишлатади.
Амура:
Аёл киши, керак бўлса, уй ҳам олади, уйни безатади ҳам. Эркак киши қачонки ўзи ишлаб уйланса, оиланинг қадрига етади. Ҳозир кўп ёшлар ўзлари ишлайдилар. Ўзлари тўйга пул ишлаб шунга яраша тўй қилишса, исрофгарчилик бўлмайди. Чунки меҳнат билан топилган пулни кўчага сочгиси келмайди. 18 ёшга кирдими фарзанд ўз “аравасини” ўзи тортиши керак, деган фикрдаман. Ҳам ўқиб, ҳам ишласа бўлади. Масалан, Россия ва Европада шундай... Бизда эса неварасигача боқишади!
Зафар Комилов:
Жуда исрофгарчилик бўлаётганди... Тўйларни тартибга солиш керак. Ҳозирги тўйларга кетадиган пулга 1–2 хонали уй олса бўлади. Ота-оналар болам ўксимасин деб ҳамма нарсасини қилиб беришаётган эди. Зўр тўй бўлса ҳам, оддий тўй бўлса ҳам одамлар 3 кун эслашади.
Озода:
200 кишига ҳам чиройли тўй ўтказса бўлади. 15–20 йил олдин келин бу даражада сарф-ҳаражат қимас эди. Нечта қиз узатган оилаларни биламан, қарзга ботиб кетишган. Ўша кетадиган пулларга уй, машина, керакли нарсалар олишсин. Ёки дунё бўйлаб саёҳатга чиқишсин.
Али:
Ҳозирги кунда ҳақиқий эркаклар камайиб кетяпти... Авваллари эркаклар аёл кишидан бир тийин ҳам олмас эди, аёллар уй ишлари билан, эркаклар рўзғор тебратиш билан банд бўлишган. Замонавий бўламан деб эркаклик ғурури йўқолиб кетяпти, чамамда. Уйланганида “қизи-ку, керак бўлса қилади” деб келин томонни қийнашади. Агар шароити бўлмаса, келин томон қарз олади. Кейинроқ қайнона-келиннинг мебелини менсимаслиги мумкин. Қарабсизки, уруш-жанжал ва ажрашиш юзага келади...
Ансора Тоҳирова:
Сизларга ўзимнинг ҳаётимдан мисол келтираман: шу йили ёз фаслида келинлик бахтига мушарраф бўлдим. Қизлик уйимдан фақатгина битта оқ либос билан келин уйимга келдим. Тўйга оз вақт қолганида, бизникилар ҳаракатга тушишди. Куёв томон 4 хона уй ажратишди. Тўйга бир ҳафта қолганида бизникилар 2 та катта машинада мебель ва сарполарни куёвникига жўнатишди. Қайнотам эса ҳамма буюмларни ўзимизга қайтариб юбордилар. Ҳамма ҳайрон бўлди, тўй қолдирилди, деб ўйладик. Қайнотам отамга қўнғироқ қилиб, “Қуда, биласиз, мен маҳаллада обрў-эътиборим бор. Эртадан кейин фалончиникига келини мана шунча сарпо-суруғ қилиб келибди, деган гап менга ярашмайди. Сарполарингизни қайтарганимга кўнглингиз ғаш бўлмасин. Мен у нарсаларни қабул қила олмайман. Эртадан кейин яна сон-саноқсиз тоғоралар қилманг. Қуда, биз ҳамма нарсани тайёр қилиб қўйганмиз. Бизга фақат қизингиз керак”, дедилар.
Ҳамма сарполарим уйимда қолди. Мана салкам бир ойлик келинман, дашном эшитганим йўқ, аксинча бу нарсаларни чин дилдан бизникилар қабул қилишганини ҳозиргача қайнона ва қайнотам раҳмат сўзи билан тилга олишади. Жамиятда шундай оилалар ҳам бор...
Раъно:
Куёв уй-жой қилсин, уни безатсин, тўй қилсин, қалин пули берсин, тўй юборсин, оқ кўйлак олиб берсин...кўпайиб кетмадими? Келин ҳамма нарсани тайёрига келса, турмушнинг қадри бўлармикан? Ҳаммасига меҳнати билан етишгунча куёвлар қариб уйланаркан-да энди...
Зулайҳо Каримова:
Ҳар қанча орзу-ҳавасинг бўлса, оилангда фарзандларинг, келининг, куёвинг билан баҳам кўравер, азиз инсон! Тўқларга едириб сочмасдан... Пулинг кўп бўлса, масжид қур, кўприк қур, етимхонага, бевага, камбағалга бер, эҳсон қил...
Моҳинур:
Бир тарафга юклаб қўйиш нотўғри, ҳамжиҳатлик билан ҳар иккала томон қилиши керак. Ҳозирги вақтда йигит кишининг пул топиши осон бўлмаяпти...
Дилфуза:
Ўзбекни тўйи қачон 200 киши билан ўтган? Куёв тараф тўй қилсинми, қалин пули берсинми, мебель, гилам, парда, чинни олсинми? Уй-жой, келин сарпо, тилла буюмлар берсинми? Ҳозир учрашувда тилла бериляпти, олдинлари каби бир кийимлик атлас мато эмас. Тўғри, ҳаддан ташқари баъзилар манманликка берилиб кетишди, дабдаба қиламан деб. Буларга чора кўриш керак. Қиз болани қанақасига сепсиз узатиш мумкин? Масалан, мен ҳам қизимни сепсиз узата олмайман. Меъёрида қилиш керак. Кондиционер, телевизор, холодильник, кир ювиш машинаси, стол-стул қилиш қаердан чиқди? Буларни йўқ қилиш керак! Куёв тарафга ҳам уят, буларни қабул қилиши.
Баҳодир Мўминов:
Жуда тўғри фикр. Куёв уйини ўзи безатиши керак. Шунда мебелни рангги девор ранггига тушмабди, деган гаплар бўлмайди. Шунда ажримлар ҳам камайган бўларди.
Гулбаҳор Миркомилова:
Тўғри фикр! Куёв келинни олиб кетса, ўша мебелдан фойдаланса, ҳаммаси ўзига бўлганидан кейин ўзи қилсин-да! Биз ҳам ҳамма шароитларни қилиб, кейин келин оламиз. Ота-онаси ақлли, ҳушли қилиб тарбияласа бўлди.
Аҳмад:
Иккинчи банддаги тавсия ҳам ғоят муҳим. Тўйхона, ресторан ва кафеларда ўтказиладиган тадбир иш кунлари соат 18:00 дан 23:00 гача ўтказилиши белгиланган, дебсиз. Лекин ресторандан уйга қайтиб келган келин-куёв, навкару янгалари, қариндош-уруғлари ва ҳоказолар бутун маҳаллани бошига кўтариб, эрталаб соат 4 гача тўйни давом эттиришларига нима дейсиз?! Ҳовлида бўлса, майли-ку, бир-бирига яқин жойлашган. 5, 7, 9 қаватли уйларнинг ҳовлисида бўлаётган бундай 2-сериялар эртаси куни хизматга бориш олдидан ухламоқчи бўлган фуқароларнинг асабига тегмайдими?! Бунга ким жавоб беради?
Фотима:
Тўппа-тўғри қарор қилинган. Агар ростдан ҳам амал қилишса, бахтли оилалар кўпаярмиди. Умуман кераги йўқ шу маросимларни. Орзу-ҳавас дейишади, лекин шу орзу-ҳавасни деб кимдирлар қарзга ботиб, тўлай олмай касал бўлишади. Қонун сифатида белгиланса, яхши бўлар эди. Ана шунда қайноналар мебель қилмаган деб жанжал қилишмасмиди...
Шуҳрат:
Бу тўй маросимларни ихчамлаштиришни аввал катта лавозимдагилар ўзлари ўрнак бўлиб, намуна бўлиб камайтириб беришлари керак...
Мунира:
Шу ортиқчаликни тартибга солишга яна бир оригинал ечим бор. Камида 3 ой давомида депутатлар ва сенаторлар тўй маросимига ўзлари бош-қош бўлиб, тўй қанақа ўтганлиги бўйича ҳукумат раҳбарларига маълумот етказиши керак. Қонун бузувчиларга маъмурий жазо ҳам белгиланиши лозим.
Дилноза:
Бизнинг ўзбеклар пул кўпайиб кетса, чегарани билмай қолишади. Ҳамма фикрларга қўшиламан. Таклифим шуки, тўйда безакларини ҳам имкон борича соддароқ қилишсин.
Ўқиганингиздек, фикрлар турлича... Кимдир тўйларни тартибга келтириш бўйича тавсияларни маъқулласа, яна кимнингдир куёв томонга “раҳми келяпти”.
Сиз-чи, Сиз қандай фикрдасиз, азиз “Qalampir.uz” таҳририяти муштарийлари? Фикр-мулоҳазаларингизни кутамиз!
Тўйларни ўтказиш тартиби бўйича Тошкент шаҳри ҳокимининг тавсияси ҳануз кун тартибида. Биз мазкур мавзуга яна қайтамиз...