“Мен саҳифамда ўзига хос танлов ўтказмоқчиман, ғолибга эса Apple iPhone X телефон аппарати тақдим этилади”, деб ёзган эди Лола Каримова.
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг кенжа қизи, “Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси васийлик кенгаши раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Лола Каримова-Тилляева ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифаси орқали викторина эълон қилди. Ушбу викторина саволларига биринчи бўлиб жавоб йўллаган интернет фойдаланувчисига эса iPhone X ваъда қилинди.
“Мен саҳифамда ўзига хос танлов ўтказмоқчиман, ғолибга эса Apple iPhone X телефон аппарати тақдим этилади”, деб ёзади Каримова.
Ғолиб бўлиш учун Ўзбекистон халқ амалий санъатининг қадимий турлардан бири, матога гул босиш ҳунари – читгарликка оид икки саволга жавоб бериш талаб этилди:
“Биринчи саволга жавобни Ислом Каримов номидаги Фонд ташкил этган, ўзбек читгарлик ҳунарига бағишланган “Йўқотилган жаннатни излаб...” номли кўргазмага ташриф буюриб топишингиз мумкин”.
Саволлар эса қуйидагича бўлди:
1. Читгарлик ўзбек бадиий ҳунармандчилигининг илдизи олис ўтмишга бориб тақалувчи турларидан бири саналади. Матога махсус қолип ёрдамида гул босадиган уста “читгар” деб аталган. Афсуски, бугунги кунда читгарлик бадиий ҳунармандликнинг йўқолиб бораётган турларидан бўлиб, читгар усталар оз қолган (Бухоро, Самарқанд, Марғилон ва Тошкентда).
90-йиллар охири - 2000-йиллар бошидан буён фаолият юритиб келаётган марғилонлик читгар усталар сулоласини айтинг.
2. Матога гул босишда ўйма нақшли ёғоч қолиплардан фойдаланилади. Усталар, одатда, якка ва жуфт қолиплар тайёрлаган. Читгар усталар жуфт қолипларни қандай атаган?
Саволларга жавоб йўллаш муддатини 20 декабрга қадар этиб белгиланган эди. Аммо ғолибни аниқлаш узоққа чўзилгани йўқ. Каримова-Тилляева саҳифаси орқали ғолибнинг номини эълон қилди.
Лола Каримова-Тилляева Муҳсинбек Жўрабековни ғолиб деб топди ва унга мурожаат қилиб, мукофотни қаердан олиб кетиши мумкинлигини маълум қилди.
Муҳсинбек Жўрабеков эса Лола Каримованинг саволларига қуйидагича жавоб берган эди.
1-савол жавоби: Устоз Солижон Аҳмадалиев бошчилигидаги Аҳмадаливлар сулоласи.
2-савол жавоби: Эр-хотин қолиплар.