Ёнғин газ устида таги ёқиқ қолдирилган ёғнинг ёниб кетиши оқибатида келиб чиққани айтилмоқда.
Ушбу ёнғин юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Пўлатов “Qalampir.uz” сайтига маълумот берди.
9 март куни соат 08:48 да Тошкент шаҳар ИИББ ЁХБ Марказий диспетчерлик хизматига, Миробод тумани, Янги Замон кўчаси 2-уйда жойлашган “Enter Busens” МЧЖга қарашли “Беш чинор” кафесида ёнғин чиққани ҳақида хабар келиб тушди.
Кўрсатилган манзилга Миробод ва Яккасарой туманларини ёнғиндан муҳофаза қилувчи Ҳарбийлаштирилган ёнғин хавфсизлиги қисмларидан жами 4 та жанговор ёнғин ўчириш автоэкипажлари йўналтирилган.
Жанговор автоэкипажининг шахсий таркиби томонидан олиб борилган тезкор чора-тадбирлар натижасида, ёнғин соат 09:04да қуршаб олинди, соат 09:12 да эса бутунлай ўчирилди.
Содир бўлган ёнғин натижасида кафенинг ошхонаси ва том қисмидаги жами 80 кв метр майдондаги ҳудуд зарар кўрган.
Ёнғин газ устида таги ёқиқ қолдирилган ёғнинг ёниб кетиши оқибатида келиб чиққан. Кўнгилсизлик туфайли ҳеч кимга зарар етмаган.