...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда янги халқа йўлини барпо этишга старт берилди


17:43, 28.03.2016 Жамият
 4 954

2014 йилда барпо этилган “Нурафшон” кўчасининг Беруний кўчасидан Оқтепа майдонигача узайтирилиши режалаштирилмоқда.

Сўнгги йилларда пойтахт Тошкентнинг кун сайин чирой очиб бораётганига гувоҳ бўлиб боряпмиз. Янги ўқув масканлари, истироҳат боғлари, дўкон ва аҳоли дам олиш масканлари, кинотеатрлар шаҳар чиройига чирой қўшиб турибди. Янги йўлларнинг барпо этилиши, кўприклар қурилиши шаҳар инфратузилмасининг янада ривож топишига катта хизмат қилаётир. Охирги 2-3 йилда қурилган йўллар нафақат узоғимизни яқин қиляпти, балки шаҳарнинг кўркини ҳам очиб турибди, десак муболаға бўлмайди.

Яқин ойлар ичида Тошкент шаҳридаги йўлларда олиб бориладиган ислоҳотлар юзасидан халқ орасида турли гап-сўзлар тарқашга улгурди. Кимдир энди Сирғалигача қатнайдиган трамвай йўли ўрнатилиши ҳақида гапирса, яна бошқа биров шаҳар ҳудудида трамвайлар умуман ҳаракатланмаслигини тахмин қиляпти. Ҳатто, баъзи оммавий ахборот воситалари ҳам билиб-билмай бу ҳақда бонг урди.

Бугун, 28 март куни Тошкент шаҳрида автомобиль йўллари ва кўприклар қурилиши, баъзи йўналишлардаги трамвай йўлларининг демонтаж қилиниши билан боғлиқ матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Барат Маменов, “Тошшаҳартрансхизмат” АК Бошқарув раиси Отабек Содиқов ва бир қатор давлат ташкилотлари раҳбарлари иштирок этишди. Анжуман аввалида Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмонов журналистларни Тошкент шаҳрида қурилиши режалаштирилаётган янги йўлларнинг чизмаси билан таништирди. Унга кўра, Нукус кўчаси Ш.Руставели кўчасидан Бобур кўчасигача 1 километрга узайтирилади. Беруний кўчасидан Ш.Рашидов кўчасига, “Нурафшон” кўчасининг Беруний кўчасидан Оқтепа майдонигача узайтирилиши, Муқимий, Нукус, Қодирий, Ш.Рашидов-Нурафшон кўчалари давом эттирилиши орқали Тошкент шаҳрида янги транспорт халқа йўли вужудга келади. Мазкур йўлни қуриш ишларига 28 мартдан бошлаб старт берилди.

Янги йўлларнинг барпо этилиши шу ҳудуддаги айрим (кўп қаватли уйлардан ташқари) уйларнинг бузилишига сабаб бўлади. “Хонадон эгалари бир неча ой аввал огоҳлантирилган эди. Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида кўрсатилган тартибда уларнинг мол-мулки сақланган ҳолда рози қилинади”, – дейди Раҳмонбек Усмонов.

Маълумот учун, Ш.Руставели ҳамда Муқимий кўчаси чорраҳасидаги транспорт воситалари ҳаракати соатига 11.500 та машинани ташкил этади. Бу эса мавжуд қувватга нисбатан 191 фоизга тенг деганидир. “Бунёдкор” ва Муқимий кўчалари кесишувида транспорт ҳаракати мосланган қувватга нисбатан 141 фоизни, “Нурафшон” кўчасининг Оқтепа майдонига уланиши кўзда тутилаётган қисмида эса 131 фоизни ташкил этмоқда.

Усмонов бугунги шаҳарсозлик тизими, Тошкент шаҳрини янада обод этиш, автомобиль йўллари ва кўприклар барпо этиш масаласида журналистларга юзланар экан, бу ишларни амалга оширишда трамвай йўллари халал бераётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. 

Йиғилишда айтилган навбатдаги янгиликлар билан бироздан сўнг танишасиз. 

Теглар:Нурафшон Йўллар Тошкент шаҳар ҳокимияти Раҳмонбек Усмонов 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар