Фарҳод кўчаси бўйлаб соатига 120 км тезликда ҳаракатланиб кетаётган Nexia русумидаги такси автомобили бетон тўсиққа урилиб ағдарилган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг маълум қилишича, воқеа соат 06:00 атрофида содир бўлган. Тахмин қилинишича, такси автомобили Фарҳод кўчаси бўйлаб энг камида соатига 120 км тезликда ҳаракатланиб келаётган бўлган. Унинг ёнида кетаётган Cobalt автомобили эса Nexia’ни қувиб ўтишга ҳаракат қилиб, йўлини тўсган. Мувозанатни йўқотган автомобиль йўл четидаги бетон тўсиқларга урилиб, сўнг ағдарилган. Қаттиқ зарб натижасида катта бетон тўсиқлар ҳам жойидан силжиб, ёнбошлаб қолган.
Гувоҳларнинг хабар беришича, Nexia ҳайдовчиси Шаҳар тез тиббий ёрдам клиник шифохонасига етказилган. Айтилишича, унинг машинасида катта миқдорда пул бўлган. ЙТҲ оқибатида пуллар йўл сочилиб кетган. Шу маҳал йўл четига Spark автомобили тўхтайди. Ичидаги ҳайдовчи йўлга сочилган пулларни йиғиб, кўздан ғойиб бўлади.
ЙТҲ оқибатида ҳеч ким ҳалок бўлмаган. Ҳайдовчининг ҳозирги аҳволи ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.