Концертда Бочелли машҳур опера ариялари ҳамда ўзининг энг оммабоп қўшиқларидан ижро этди.
Италиялик яна бир опера ва эстрада куйчиси Алессандро Сафинанинг чиқиши ҳам томошабинлар учун кутилмаган совға бўлди. У Ўзбекистонга яна келганидан мамнун эканини, севимли хонандаси Андреа Бочелли билан илк бор бир саҳнада куйлаш бахтига Тошкентда муяссар бўлгани бежиз эмаслигини таъкидлади.
Концертда Бочелли машҳур опера ариялари ҳамда ўзининг энг оммабоп қўшиқларидан ижро этди. Дастур санъат ихлосмандларида унутилмас таассурот қолдирди.
Маълумот учун, Андреа Бочелли классик ва замонавий қўшиқларни ижро этувчи машҳур тенорлардан бири. 1958 йилда Италиянинг Тоскана регионида таваллуд топган санъаткор болалигидан фортепьяно, флейта ва саксофон чалишга қизиққан. Пиза университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. Аммо операга бўлган қизиқиши устун келиб, италиялик опера ижрочиси Франко Кореллидан вокал бўйича таҳсил олган. 1994 йили Сан-Ремодаги илк концерти унга муваффақият келтирган.
А.Бочелли Германия, Нидерландия, Испания, Франция каби кўплаб мамлакатларда концертлар бериб, миллионлаб мухлислар меҳрини қозонган. Мисли йўқ лирик, кучли ва ёқимли овоз соҳибининг репертуаридан “Macchine da guerra”, “Per amore”, “Ave Maria”, “Canto della Terra”, “Melodramma” каби яккахон сингллар, “Vivo per lei”, “The Prayer”, “Somos Novios”, “Because We Believe”, “What Child Is This”, “Bridge over Troubled Water” каби дуэтлар, “Богема”, “Трубадур”, “Вертер”, “Кармен”, “Андрэ Шенье” каби опералардаги ариялар жой олган.
Андреа Бочелли “Италия Республикаси олдидаги хизматлари учун”, “Санъат, илм-фан ва дунё”, “Merit of Duarte, Sanchez and Mella” каби нуфузли орденлар, қатор халқаро мукофотлар совриндоридир.