“Умиджон соғлом ҳаётга қайтди, деб бемалол айта оламиз”, дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори Мақсудхон Рашидов.
“Марказимизда биринчи марта буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти ўтказилди. Бу операциянинг мураккаблиги шунда бўлдики, бемор Умиджон жуда ёш, организми ҳали ривожланиш босқичида эди. Ички аъзоларининг кичиклиги, қон томирларининг ингичкалиги алоҳида ёндашув талаб қилди. Шу боис марказда катта тайёргарлик кўрилди. Хориж тажрибасини ўргандик. Шундан сўнг, Туркиянинг Башкент тиббиёт университети билан ҳамкорликда марказимиз тарихида илк бор буйрак трансплантацияси бажарилди. Операциягача беморнинг буйраги ўз фаолиятини бажара олмагани боис, қони 8 ой давомида тўлиқ гемодиализ аппарати орқали тозаланган. Ҳозир буйрак меъёрида фаолият олиб бормоқда. Умиджон соғлом ҳаётга қайтди, деб бемалол айта оламиз”, дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази шифокори Мақсудхон Рашидов.
Маълумот ўрнида, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бундай мураккаб амалиётлардан ташқари, шошилинч тиббий ёрдам тизими бўйича йилига 600 минг нафардан зиёд беморга юқори малакали стационар ва 1 миллион нафардан ортиқ беморга амбулатор ёрдам, шунингдек йилига 7 миллиондан зиёд чақириқлар бўйича тиббий ёрдам ҳам кўрсатиб келмоқда.
Бугун бундай юқори технологик операциялар тиббиёти ривожланган давлатлар билан бир қаторда Ўзбекистондаги икки марказ — академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ва Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида шундай мураккаб операциялар муваффақиятли ўтказилмоқда.