“Nova Universal” МЧЖ ва Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ўртасида ётоқхона биносининг олди-сотди шартномаси тузилган.
Аниқланишича, фуқаро А.Т. “Nova Universal” МЧЖ раҳбари бўла туриб, Ўзбекистон Республикаси ИИВ балансида бўлган 9 қаватли ётоқхона биносини замонавий меҳмонхона мажмуаси қуриш учун 300 миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан тендер танловида “ноль” қийматда сотиб олган.
“Nova Universal” МЧЖ ва Давлат мулк қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси ўртасида 15.09.2005 йилда ётоқхона биносининг олди-сотди шартномаси тузилган. А.Т. инвестиция мажбуриятларини бажарганлиги ҳақида ҳужжатларни сохталаштириб, 08.01.2007 йилда бинога эгалик ҳуқуқини берувчи 2-сонли давлат ордерини олган.
Шундан сўнг, А.Т. ушбу ётоқхонанинг уй-жой фондига киритилмаган 27 та хонадонни фуқароларга ҳужжатларини кейинчалик тегишли тартибда расмийлаштиришга ваъда бериб, 103.416.000 сўмга сотиб юборган.
Жиноят ишлари бўйича Сергели туман судининг 04.04.2011 йилдаги ҳукмига кўра, А.Т. Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а,в” бандлари ва бошқа моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчидан жабрланувчилар фойдасига 103.416.000 сўм зарар суммаси ундирилган. Бироқ, жабрланувчилар олинган хонадонларга нисбатан мулк ҳуқуқини қонунийлаштиришни талаб қилиб, ушбу пул маблағини олишни рад этган.
Бош прокуратура аралашувидан сўнг қайд этилган оилаларни уй-жой билан таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.