...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкентда 1012 оила ажримдан, 1361 та бола тирик етимликдан сақлаб қолинди


12:47, 07.01.2017 Жамият
 4 181

Мазкур масалага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида жиддий эътибор қаратилди.

Оила – муқаддас даргоҳ, жамиятнинг ажралмас бўғини, мамлакатнинг эртаси. Унда бугун берилган тарбия йиллар ўтиб ўз мевасини беради. Бугун қабул қилинган қарор, бугун айтилган сўз кун келиб ўз самарасини кўрсатади. Тошкент шаҳар ҳокимиятида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда ҳам шулар таъкидланди.
 
Унда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Обидов, Тошкент шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси-Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Фарида Абдураҳимова, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ҳарбий сафарбарлик ва фавқулодда вазиятлар масалалари бўйича гуруҳ раҳбар Саид Ғуломов иштирок этди.
 
Республикаси миқёсидаги ажримлар бўйича Тошкент шаҳри устунлик қилиб келаётгани, ўтган йилнинг 9 ойи натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида ажримлар 32 фоизни ташкил этгани, яъни ҳар 100 та оиладан 32 таси ажрашишгача етиб боргани ҳақида аввал ҳам хабар берган эдик.
 
Мазкур масалага Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида жиддий эътибор қаратилди.
 
Бунинг самараси ўлароқ 2016 йилнинг 21 декабрида Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, Жиноят ишлари ҳамда Фуқаролик ишлари бўйича шаҳар судлари,  Адлия бошқармаси, Ички ишлар бош бошқармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Меҳнат бош бошқармаси, Суд департаментининг шаҳар ҳудудий бошқармаси, “Тошкент почтампт” филиали билан ҳамкорликда  “Тошкент шаҳрида ота-она ҳамда болаларнинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятлари бўйича давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлигини янада кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1137-сонли қўшма қарори қабул қилинди.
 
Ажримда ким азият чекади? Аёлми ё эркак? Бизнингча, ҳар иккисиданда кўпроқ жабр кўрадиган, қийналадиган, ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам моддий зарар кўрадиган фарзанд бўлади. Буни суд залигача ўз оёғи билан борган ота-оналар жуда яхши билади, айниқса, оталар. Кўпгина ҳолатларда, янада аниқроқ қилиб айтсак, 95 фоиз ҳолатда ажримдан сўнг фарзандлар она билан қолади. 2-3 фарзанди билан қолган аёл фарзанд тарбиясига вақт топсинми, ишласинми, оилани бошқарсинми? Тўғри, ажримларнинг ҳаммаси ҳам эркаклар сабаб юзага келмаяпти. Тадқиқотлар натижаси бугунги баъзи қизларимизнинг бесабрлиги, телефондан узила олмаслиги, на турмуш ўртоғини ва на қайнота-қайнонани менсиши ажримлар келиб чиқишига асосий сабаб бўлмоқда. Бу ўринда оиланинг катталари, қайнота ва қайнонани ҳам оқлаб бўлмайди. Улар ёшларни тушуниш, уларни қўллаб-қувватлаш ўрнига келинга қулдек муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
 
Ажримдан сўнг ота ўз йўлида кетади, она ўз йўлида қолади. Мол-мулк масаласи эса аввал бошдан инобатга олинмагани учун ўлда-жўлда қолиб кетаверади. Алиментни айтмайсизми? Ота тушмагур ўз фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаб, ё ўзини ҳеч қаерда ишламайдиган қилиб кўрсатади ё ойлик маошини алимент тўлаш даражасидан паст кўрсаткичда белгилатишга уринади. Қўша-қўша машина, иморатлар – гўё бобосидан қолган мерос.
 
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан кўплаб ташкилотлар иштирокида қабул қилинган қўшма қарорда айнан шулар инобатга олинган.
 
Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Мирзоҳид Обидовнинг маълум қилишича, сўнгги беш йилда Тошкент шаҳрида оилавий ажрим ошиб бориши кузатилган. Рақамларга мурожаат қилинса, 2011 йилда 3540 та, 2012 йилда 3622 та, 2013 йилда 4631 та, 2014 йилда 5100 та, 2015 йилда 5089 та оилага дарз кетган. 2016 йилда эса кўрсаткич пасайганини кўриш мумкин. Ўтган йилнинг январь-ноябрь ойларида 3988 та оила ажрашган.
 
Тошкент шаҳрида айни пайтда 505 та маҳалла бўлиб, уларнинг ҳар бирида Яраштирув комиссиялари фаолият олиб бормоқда.  Тошкент шаҳридаги маҳаллалардан 474 тасида ажрим ҳолатлари кузатилган. Қолган 31 маҳалла эса бундай нохуш вазиятда ҳоли.
 
Олиб борилган саъй-ҳаракатлар, кўплаб давлат ва жамоат ташкилотларининг куянчаклиги сабаб 2016 йилда 1012 та оила суд залида яраштирилди. Агар ушбу оилалар ажраштирилганда, улардаги 1361 нафар бола тирик етимга айланарди.
 
Маълумот учун, айни дамда Тошкент шаҳрида 700 мингдан зиёд оила мавжуд.
 
Мавзуга яна қайтамиз.
Қамариддин Шайхов
 

Теглар:Оила Ажрим Алимент 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар