16 сентябрь куни мазкур жоме масжидида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бошчилигида жума намози адо этилди.
Тошкент шаҳридаги қарийб 100 йиллик тарихга эга “Яккасарой” жоме масжиди ўрнига минг нафар намозхонга мўлжаллаган катта жоме барпо этилди. 23 метрга бўй чўзган гумбазли хонақоҳ деворлари, меҳроб ўзига хос нақшлар билан безатилган. Моҳир хаттотлар томонидан меҳроб усти ва деворига Қуръони карим оятлари муҳрланган. Хонақоҳ ёнида 150 кишига мўлжалланган кичик хонақоҳ ҳам барпо этилган. Бино гумбазининг ташқари томондан баландлиги юқорисидаги ой рамзи бўйи билан 28 метрга, миноранинг баландлиги эса 31.5 метрни ташкил этади. Хонақоҳга учта шарқона услубда кўтарилган арка орқали кирилади, дейилади хабарда.
Таҳоратхона биноси ҳам шарқона услубда безатилган. Шунингдек, масжид ҳовлисида намоз сафлари тўғри олинишига ёрдам берувчи чизиқлар ётқизилган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов бу хайрли ишда ишда кўмакчи бўлган барча инсонларга ўз миннатдорчлик билдирди. У истиқлол йилларида қилинган буюк ишлар ҳақида сўзлар экан, талабалик йилларидаги шу масжид билан боғлиқ ибратли воқеаларни эсга олди. Масжид қурилишида иштирок этган барча ҳашарчиларга ва шу каби хайрли ишларда доимо бош-қош бўлган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти марҳум Ислом Каримов ҳақига хайрли дуолар қилди.