Қатор вазирликларнинг ҳудудий вакиллаари Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тайинланади ва бўшатилади.
Мазкур фармонга кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлигининг 2018 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳрида бошқарувнинг алоҳида тартибини жорий этиш бўйича ҳуқуқий эксперимент ўтказиш ҳақидаги қуйидагиларни назарда тутувчи таклифи қабул қилинди:
Тошкент шаҳар ва унинг таркибига кирувчи туманлар ҳокимликлари бошқарув аппаратлари негизида халқ депутатлари Кенгаши тасдиқлаган бюджет доирасида тегишли ҳоким томонидан тузилмаси ва штатлари белгиланадиган ва ўзгартириладиган Тошкент шаҳар ва туманлар ҳокимлари девонларини ташкил этиш;
Ўзбекистон Республикаси Молия, Иқтисодиёт, Қурилиш вазирликлари, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ва Инвестициялар бўйича давлат қўмитасининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари раҳбарларини Тошкент шаҳар ҳокими томонидан тегишли вазир билан келишилган ҳолда, уларнинг туман бўлинмалари раҳбарларини эса тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органи раҳбари билан келишилган ҳолда туман ҳокими томонидан лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш;
Тошкент шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари иштирокидаги давлат ҳокимияти ваколатларига эга бўлган ҳудудий идоралараро коллегиал органлар (комиссиялар, кенгашлар ва бошқалар)ни уларнинг вазифа ва функцияларини тегишли ҳудудий давлат бошқаруви органларига берган ҳолда кескин қисқартириш.