Тошкент шаҳар ҳокимияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида ҳоким Раҳмонбек Усмонов журналистларнинг йўллардаги муаммолар билан боғлиқ қатор саволларига жавоб берди.
Раҳмонбек Усмонов, Тошкент шаҳар ҳокими:
— Тошкент шаҳрида ҳар йилги режа асосида 30-40 та маҳаллани буткул таъмирлаб чиқяпмиз. 2011 йилдан буён “Намунавий маҳалла” дастури йўлга қўйилганда ишни йўлакларни таъмирлашдан бошлаган эдик. Кейин эса сув қувурларини таъмирладик. Мана, 3-4 йилдирки, ҳар бир маҳаллада болалар майдончаларини қуришга бел боғланган. Тошкент аҳолисининг олдидаги энг катта қарзимиз – бу асфальт масаласи. Ўтган йили 32 та маҳалла асфальтланган бўлса, бу йил 50 та маҳаллани асфальт қилишни режалаштирганмиз. Бу сон йил сайин ошиб бораверади.
Эслатиб ўтамиз, 28 мартдан Тошкент шаҳрида янги халқа йўлини қуриш ишларига старт берилди. Унга кўра, 2014 йилда барпо этилган “Нурафшон” кўчаси Беруний кўчасидан Уйғур кўчаси орқали “Оқтепа” кўчасигача уланади. Тошкент шаҳридаги мавжуд трамвай йўллари эса демонтаж қилиниб, 6 та йўналишда ҳаракатланаётган трамвайлар бирин-кетин тўхтатилиши режалаштирилган. Улар ўрнида ўша йўналишда қатнайдиган замонавий автобуслар йўлга қўйилади.