...
МЕНЮ
ONLINE TV

Тошкент шаҳар ҳокими фармойишига панжа ортидан қарайдиганлар ҳам бор


15:54, 12.04.2018 Жамият
 3 732

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган ташкилотларга мурожаатнома йўллади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий сайтида пойтахт ҳудудида қурилиш ишларини олиб бораётган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан эътирозли мақола чоп этилди. Унда маълум қилинишича, қурилиш ташкилотлари ва чиқиндиларни қурилиш ҳудудларидан олиб чиқиб кетишга масъул бўлган корхона ва ташкилотлар шаҳар озодалигини сақлаш ва ҳоким фармойишини бажаришга панжа ортидан қарамоқда. Бундан аввалроқ, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасининг қурилиш соҳасида фаолият олиб бораётган жисмоний ва юридик шахсларга мурожаатномаси эълон қилинган эди.
 
Хусусан, Тошкент шаҳар ҳокимияти сайтида эълон қилинган мурожаатда шундай дейилади:
 
“Пойтахт ҳокимининг 2017 йил 11 октябрда эълон қилинган  “Тошкент шаҳри ҳудудидаги қурилиш майдонларида экология ва атроф-муҳитга зарар етказмаслик, қурилиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда транспорт воситаларидан фойдаланиш  маданиятига риоя қилиш ва шаҳар кўчаларини тоза сақлаш тўғрисида” ги Фармойиши  ижроси таҳлил этилганда, жойларда бу борада талайгина муаммо ва камчиликлар борлиги аниқланди. Жумладан, туман ҳокимликлари, архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан белгиланган вазифалар ижросига  масъулиятсизлик билан қаралмоқда. Хусусан, қурилиш объектларини режалаштириш ва  лойиҳалаштиришда шаҳарсозлик қоидаларига у қадар риоя этилмаяпти.  Шаҳар кўчаларини ифлослантиришни олдини олиш бўйича зарур чораларга “панжа” ортидан қараб келинмоқда.
 
Пойтахтимиз маркази ва ҳудудларидаги  ижтимоий соҳа объектларига, жумладан қурилиш ишлари олиб борилаётган йўллар, хиёбонлар ва янги турар жой биноларига   кириб чиқаётган юк автомашиналарининг тозалигига эътибор қаратиш масаласи ҳам пайсалга солинмоқда. Бу бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари қоидабузар ҳайдовчиларга тегишли чоралар кўрмаяпти. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги Кодексининг 147-моддасида, катта ва кичик автотранспорт воситаларининг атрофни ифлослантириши ёки автоуловдан тоза-озода  фойдаланмаслиги,  жавобгарликка сабаб бўлиши кўрсатиб ўтилган. Ана шундай ҳолатлар табиийки шаҳар кўркини бузмоқда. Масалан, турли маиший чиқиндиларни ўзбошимчалик билан юк машинасида ташилиши оқибатида атрофга чанг-ғубор тарқалмоқда. Натижада йўл четидаги ариқ-зовурлар қум-тупроқ уюмлари билан тўлиб, санитар қоидаларга мутлақо зид ҳолат юзага келяпти.
 
Пойтахтни гулу-чаманзорга айлантириш, мегаполис кўринишига келтириш, аҳоли учун янада қулай шарт-шароитларни яратиш борасидаги улкан бунёдкорлик ишлари сўнгги уч  йилда беш баробарга ортган. Минг таъсуфки, бу каби эзгу ташаббусларимиз самараси,  шаҳар ҳудудларидаги айрим мутасадди раҳбарларнинг масъулиятсизлиги оқибатида кўзга ташланмаяпти. Яхшиямки баҳорнинг илиқ кунларида ёғаётган ёмғир Яратганнинг раҳмати каби кўчалардаги чанг-ғуборларни ютиб, бизга мусаффо ҳавони ҳадя этмоқда. Аммо, жазирама ёз эшик қоқаётган дамда, бу каби масалаларга жиддий эътибор қаратмасак, сўнг қилган барча уринишларимиз бесамар кетиши – айни ҳақиқат.
 
Шу ўринда яна бир фикрни алоҳида таъкидлаш жоиз. Кўҳна Кентнинг жозибасини, унинг тоза ва озодалигини таъминлашни фақат маълум бир соҳа вакиллари эмас, балки ҳар биримиз муқаддас бурч деб билмоғимиз лозим. Зеро мадниятли халқмиз. Аждодларимиз ўз уйлари, кўчаларни обод қилишни файзу-бараканинг асоси деб билганлар. Айни фурсатдан фойдаланиб, Тошкент шаҳар ҳокимлиги шаҳримиз аҳолиси ва меҳмонларини бу йўлда ҳайриҳоҳ бўлишга чорлаб қолади”. 

Теглар:Тошкент шаҳар ҳокимияти Tashkent city 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар