...
МЕНЮ
ONLINE TV

Президент “Tashkent City”да қурилаётган меҳмонхона ва уйлар билан танишди


23:01, 20.11.2018 Жамият
 6 502

Бу ерда замонавий архитектура ютуқларига мувофиқ лойиҳалар ва давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида жадал қурилиш кетмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 20 ноябрь куни “Tashkent City” халқаро бизнес маркази қурилишини яна бир бор кўздан кечирди. Унга Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳамроҳлик қилди. 

Бу ерда замонавий архитектура ютуқларига мувофиқ лойиҳалар ва давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифлари чоғида берилган кўрсатмалар асосида жадал қурилиш кетмоқда.



Бизнес марказлар, меҳмонхоналар, конгресс-хол, офислар, кўп қаватли уйлар, ресторанлар ва бошқа объектлар еттита лотга ажратилган ҳолда бунёд этилмоқда. 

Президент Шавкат Мирзиёев беш юлдузли меҳмонхонада қуриладиган хоналар, заллар намуналари билан танишди. Хоналарнинг ҳар бир деталига эътибор қаратиб, уларнинг дизайни ва қулайликлари бўйича кўрсатмалар берди. Хоналар ёруғ ва баҳаво бўлиши, уларни безашда одамларнинг кайфиятини кўтарадиган, очиқ ранглардан фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Меҳмонхонага туташ тарзда яна бир йирик иншоот – конгресс-холл қурилмоқда. Унда олий даражадаги учрашувлар, халқаро анжуманлар ўтказиш учун барча шароит яратилади. Энг сўнгги техника ва технологиялар билан жиҳозланади.

Шавкат Мирзиёев конгресс-холлни халқаро стандартлар асосида қуриш, йирик делегацияларни қабул қилиш учун зарур қулайликлар яратиш бўйича топшириқлар берди.

Президент “Gardens Residence” турар жой комплексини ҳам бориб кўрди. Намуна сифатида қурилган 2 ва 4 хонали уйларни кўздан кечирди. 



Саккиз гектар майдонни эгаллайдиган ушбу комплекс тўққизта кўп хонадонли уйдан иборат бўлади. Уларни лойиҳалашда барча жиҳатлар инобатга олинган. Болалар, ота-оналар, меҳмонлар учун алоҳида қулайликлар кўзда тутилган. 

Давлат раҳбари халқ мана шундай замонавий уйларда яшашга ҳақли экани, Европа ва Осиёнинг ривожланган мамлакатлари стандартлари асосида қурилган бу уйлар Ўзбекистон фуқароларига берилишини таъкидлади. Мазкур турар жойлар харидорларга узоқ муддатли имтиёзли кредитлар асосида тақдим этилади.
 

Теглар:Шавкат Мирзиёев Tashkent City 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар