Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Муқимий кўчасида тўсиқларни ошиб ўтишга ҳаракат қилган Nexia’нинг аянчли суратларини жойлаштиришди
Кеча, Тошкент шаҳрининг ўша биз айтган Муқимий кўчасида навбатдаги ЙТҲ қайд этилди. Йўлда ҳаракатланиб келаётган Nexia автомобили қарама-қарши йўлларни ажратиб турадиган тўсиқларни бузиб ўтди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқлардаги Водители Ташкента гуруҳи аъзолари қолдирган суратлар ва видеоларга асосланиб хабар беряпмиз.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Муқимий кўчасида тўсиқларни ошиб ўтишга ҳаракат қилган Nexia’нинг аянчли суратларини жойлаштиришди. Кўпчилик ЙТҲга нима сабаб бўлганини билмай турган бир вақтда фойдаланувчилардан бири мазкур автоҳалокатга оид видеони илова қилди. Видеода равон, текис, катта йўлда ҳеч кимга йўл бермай, аксинча, бошқаларнинг ҳам эмин-эркин ҳаракатланишига дахл қилиб кетаётган BMW русумидаги автомобиль турли манёврлар қилади. Йўлда туппа-тузук ҳаракатланиб келаётган Nexia ҳайдовчиси эса BMW’га “сендан қоламанми”, дегандек турли қалтис ҳаракатлар қилади ва охир оқибат қарама қарши йўлларни ажратиб турган темир тўсиқларга бориб урилади.
Воқеага ортиқча изоҳ бериб, ҳайдовчиларнинг нафратини қозониш ниятимиз йўқ. Ҳар бир ўқувчи, хусусан, фойдаланувчи бундай воқеалардан тўғри хулоса чиқарса, давлат мулкини кўз қорачиғидек асраса, йўлларда бошқаларни ҳурмат қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.