Ўзбeкистон Рeспубликаси Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятининг 9 ойи якунларига оид маълумотни эълон қилди.
Бунга кўра, Ўзбекистон Президентининг Туркманистон (6–7 мартда, 19–20 майда, 17 сентябрь), Қозоғистон (22–23 март, 29 апрель ва 8–9 июнь, 9–10 сентябрь), Россия (4–5 апрель), Хитой (12–15 май), Саудия Арабистони (21 май), Қирғизистон (5–6-сентябрь) ва АҚШга (18–20 сентябрь) давлат ва амалий ташрифлари ташкил этилган.
2017 йилнинг 9 ойи мобайнида ТИВ Консуллик бошқармаси ва Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари томонидан чет эл фуқароларига Ўзбекистонга кириш визасини бериш, биометрик паспортни алмаштириш/бериш, ватанга қайтиш тўғрисидаги гувоҳнома бериш, фуқаролик ҳолатини қайд этиш, нотариал хизмат кўрсатиш ва бошқа масалалар билан боғлиқ жами 308 879 та консуллик амаллари бажарилган.
Ҳисобот даври мобайнида энг кўп консуллик ҳаракатлари Ўзбекистон Республикасининг Тожикистон (55 938), Россия (25 866), Туркманистон (17 005), Қозоғистон (16 381), Жанубий Корея (13 874), Германия (13 376), Хитой (12 603) ва Ҳиндистондаги (11 925) элчихоналарида амалга оширилди.
2017 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида 224 022 нафар чет эл фуқароларига, шу жумладан, 96 752 нафар сайёҳларга ва 32 898 нафар тадбиркорларга ҳам Ўзбекистонга кириш визалари берилди. 2016 йилнинг шу даврига нисбатан берилган визалар умумий сони 21% га, шу жумладан, берилган сайёҳлик визалари 24%, тадбиркорлик визалари 27% га ошгани маълум қилинган.