Тиллерсон Туркияга қилган икки кунлик ташрифи давомида Сурия ва Ироқ масаласини муҳокама қилди.
Бугун, 16 февраль куни Тиллерсон Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғлу билан Сурия ва Ироқдаги воқеалар юзасидан муҳокамаларни давом эттирди.
Хусусан, Тиллерсон Туркиянинг ўз чегаралари даҳлсизлигини таъминлаш учун қилаётган ҳаракатлари қонуний эканлигини эътироф этди.
Ўз навбатида у Суриянинг Африн шаҳрида турк ҳарбийлари олиб бораётган амалиётлари минтақадаги хавфни кучайтирмаслиги учун бу жараённи юмшатишни сўради.
Тиллерсон Суриянинг ишсиз маҳаллий аҳолиси Туркия ҳудудига ўтиб кетаётганидан ташвишда. У вазирдан ҳарбий амалиётлар чоғида турклар ҳибсга олган америкалик руҳоний ва ҳарбий асирларни қўйиб юборишларини сўради.
Туркия Ташқи ишлар вазири АҚШ ва НАТО қўллаб-қувватлаётган Сурия демократик кучлари ва Сурия халқ мудофааси кучларининг Африн ва Идлибдан чекиниши ҳамда бу гуруҳлар ўзининг фаолиятини қайта кўриб чиқиши кераклигини таъкидлади.
Вазир шундагина турк ҳарбийлари бу ҳудуддан ортга қайтишини қўшимча қилди.
Музокаралар якунида Тиллерсоннинг Туркияга икки кунлик ташрифи Сурия масаласини юмшатгани, томонлар ўзаро ҳарбий мақсадларда келишиб ҳаракат қилиши ва минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш мажбуриятини ҳисобга олиниши таъкидланди.
Эслатиб ўтамиз, курдлар Туркиянинг Сурияга нисбатан ҳаракатларида АҚШнинг сукут сақлаётгани учун расмий Сурияга ўз суверенитетини ҳимоя қилишини талаб қилиб мурожаат қилганди.