Республика хирургик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази фаолиятини ташкил этиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, Тошкент тиббиёт академияси 2-клиникасининг ангионеврология бўлими негизида Республика жарроҳлик ангионеврология ихтисослаштирилган маркази ташкил этилади. Бу ҳақдаги қарор Ўзбекистон Республикаси бош вазири томонидан 14 март куни имзоланган.
- ангионеврология соҳасида мувофиқлаштириш маркази функцияларини амалга ошириш, мия қон-томир етишмовчилиги касалликлари профилактикаси, диагностикаси ва уларни даволашнинг замонавий усулларини энг аввало ҳудудий тиббиёт муассасалари амалиётига жорий этиш бўйича методик раҳбарликнинг самарали вертикалини шакллантириш;
- малакали ангионевролог мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ишларини мувофиқлаштириш, ҳудудий тиббиёт муассасаларида маҳорат дарслари ҳамда кўргазмали операциялар, таълим берувчи маърузалар ва семинарлар ташкил этиш;
- мия қон-томир етишмовчилиги билан боғлиқ касалликлар соҳасида илмий тадқиқотлар олиб бориш; мия қон-томир етишмовчилиги касалликларини даволашнинг замонавий усулларини жорий этиш йўли билан уйқу ва юракнинг қон томирлари артериялари шикастланишига чалинган беморларни даволаш;
- сурункали мия қон-томир етишмовчилиги касаллигига чалиниш билан боғлиқ ҳолатларни доимий равишда таҳлил қилган ҳолда Ўзбекистон Республикасида инсульт касаллиги миллий регистрини ишлаб чиқиш.
Марказ Тошкент шаҳри, Олмазор тумани, Фаробий кўчаси, 2-уй манзили бўйича Тошкент тиббиёт академиясининг 2-клиникаси ҳудудида жойлаштирилади. Қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К.Шодмонов зиммасига юкланди.