Энди бу коллеж ҳақида гап кетса, кўп йиллар Жасурбек Иброҳимов фожиаси тилга олинса, ажабмас.
Олдин хабар берганимиздек, марҳум Жасурбек Иброҳимов ва гумондор Исломбек Тўлаганов ушбу коллеж ўқувчилари бўлишган. Ишончли манбаларимизнинг “Qalampir.uz” сайтига хабар беришича, мазкур тиббиёт коллежи директори Лутфи Йўлдошевна Юсупова ўз аризасига биноан ишдан олинган.
Лутфи Юсупова таълим даргоҳида 33 йилдан бери фаолият юритиб келган бўлиб, охирги 10 йилдан буён коллежга раҳбарлик қилиб келаётган эди. Кеча, 5 июнь куни ўша воқеа сабаб Лутфи Юсуповадан ишдан бўшаш ҳақидаги аризаси олинган.
Шу куни, яъни Лутфи Юсупова вазифасидан озод этилгунга қадар “Qalampir.uz” сайти мухбирлари ундан эксклюзив интерью олишга улгурган эди. Мазкур интервьюни тез орада сайтимизда эълон қиламиз.
Эслатиб ўтамиз, П.Ф.Боровский номидаги тиббиёт коллежи ўқувчиси Жасурбек Иброҳимов жорий йилнинг 3 май куни ўз курсдошлари томонидан калтакланган. Кейин эса 5 марта жарроҳлик амалиётини бошидан ўтказиб, жорий йилнинг 1 июнь куни оламдан ўтганди.