Агар яна шу ҳолат такрорланса, “Бухоро” ўз майдонидаги учрашувларни мухлисларсиз ўтказиши ҳам мумкин экан.
Маълум бўлишича, бугун 23 октбярь куни ЎзПФЛ можароли вазиятлар юзасидан йиғилиш ўтказган ва ушбу йиғилишда, “Бухоро”–“Пахтакор” учрашувида юзага келган низоли вазиятлар, яъни футбол учрашуви вақтидаги тартибнинг тўлиқ таъминланмаганлиги, “Бухоро” футбол клуби расмий ходимларининг белгиланган тартиб-интизом ва қоидаларга тўлиқ риоя этмаганлиги, шунингдек, учрашув расмийларининг ҳавфсизлиги етарли даражада таъминланмаганлиги каби ҳолатлар ўрганиб чиқилган.
Мажлисда видеоёзувлар, учрашув назоратчиси ҳамда ЎзПФЛ вакилининг билдиргисига асосан Ўзбекистон ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа регламенти, Тартиб-интизом кодекси 5-модда, 4-бўлим, 5.57-бандига асосан “Бухоро” клубига нисбатан жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинган.
Унга кўра, “Бухоро” клуби ярим ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақа регламенти 5-модда, 1-бўлим, 5.4-бандига асосан 20 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.6-бандига асосан 5 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.9-бандига асосан 10 млн сўм, 5-модда, 1-бўлим, 5.10-бандига асосан 10 млн сўм, 5-модда, 2-бўлим, 5.36-бандига асосан 10 млн сўм ва юқоридаги бандларга асосан умумий 55 млн сўм жаримага тортилди.
Шунга ўхшаш вазият яна такрорланадиган бўлса, клубга нисбатан қаттиқроқ чоралар кўрилиши билан бир қаторда “Бухоро” футбол клуби ўз майдонидаги учрашувларни мухлисларсиз ёки нейтрал стадионларда ўтказиши ҳақида қаттиқ огоҳлантирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманганнинг “Навбаҳор” жамоаси ўйиндан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида содир бўлган можаро туфайли 10 миллион сўм жаримага тортилгани ҳақида хабар бергандик.