Эртаю кеч кўча чангитиб, томоша-тўполон қилардик. Сабаби маҳалламизда биз – шумтакалар учун боғча деб аталмиш макон йўқ эди. Минг афсуски, ҳозир ҳам йўқ.
Шундан илҳомланиб мен ҳам ўзимнинг мулоҳазаларимни баён қилишга жазм этдим.
Болага таълим-тарбияни ҳомила пайтиданоқ бермоқлик қанчалар муҳимлиги кўпчиликка аён. Бугун бу ҳақда ваъзхонлик қилиш ортиқча. Ҳар бир ота-она туғилган фарзандига аввало яхши исм қўйишни фарз деб билади. Қўйган исмидан ҳикмат излайди, исмига менгзаб умид қилади. Ҳазрат Навоий оилада исм қўйиш одоби хусусида шундай деган эди:
Бириси қўймоқлик эрур яхши от,
Ким десалар етмагай андин уят.
Боласи учун ҳаётнинг минг чиғириқларига чидаб, куйиб-куймаланиб яшаётган ўзбекнинг “яхши от” олган кичкинтойлари ҳам ўзгача. Уларни аллалаб, суйиб-эркалайди. Кулса, кулиб, йиғласа, қўшилиб йиғлайди. “Боланинг кўнгли – пошшо” деб бор бисотини нисор этади. Қисқаси, шу “одамча” ОДАМ бўлгунча барчанинг жони ҳалак.
Беш ёшидаёқ иқтидори билан бутун хуросонликларни ҳайратга солган Навоий бобомиз:
Қилмоқ эрур бири муаллим талаб,
Қилғали таълим анга илму адаб,
дея фарзандга емоқ-ичмоқдан ташқари илму адаб зарурлигини зикр этади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний тарбияга шундай таъриф беради: “Боланинг саломи ва саодати учун яхши тарбия қилмак, танини пок тутмак, ёш вақтидан маслакини тузатмак, яхши хулқларни ўргатмак, ёмон хулқлардан сақлаб ўсдурмакдур.”
Энди эсини таниётган фарзандларига маърифат уруғини қадашга жазм этган бир ота билан вилоятларимиздан бирининг марказий бозорида гаплашиб қолдим. Гап-сўзидан илмталаб Собир ака ила суҳбатимиз қизигандан-қизиди: анча йиллардан бери аравакашлик қилиб, рўзғор тебратаётганини айтди. Икки ўғли борлиги, каттаси сал дангасароқ, кичигининг эса зеҳни бир мунча ўткирлигидан гап очди.
– Каттаси бешда, кичиги учдан ўтди. Каттасини боғчага бермагандим, шунданми, тенгқурларига аралашиб кетишга қийналяпти. Кичигини ёши етгандан боғчага топширдим. Ҳали ўқиш-ёзишни билмайдию китобларни варақлаб, ўзича нималардир дейди. Ўнгача санашни ўрганиб олган. Шу, акасиниям боғчага бермаганимдан афсусланаман туриб-туриб. Бола ниҳол-да, авайлаб-асрасанг, кўкариб, унади. Нимани ўргатсанг, шуни олади.
Боғчага ўғлимни олгани борганда, баъзан у ердаги шароит яхши эмаслигини кўраман. Нимани ўргандинг, деб сўрасам икки ой олдин ёдлаган шеърини такрорлайди. Ҳа, энди нима ҳам дердик.
Ўзим кўчада бўлсам ҳам болалардан кўнглим тўқ. Фарзандларимни ўқиб-ўргансин, сизларга ўхшаб катта одам бўлсин, деб юрибмиз-да. Илмнинг йўли бошқача-да, биз ўқимадик, шулар ўқисин. Ҳамма шароит етарли бўлгандан кейин улардан билим олиб, нони бутун бўлишини кутасан-да. (Қўполроқ бўлсаям айтай, ўзбекнинг аравакаши ҳам уқиб-ўрганганнинг нони бутун бўлишини яхши билади.) Суҳбатдошим бола тарбияси, боғча ҳақида шу тариқа куюниб гапираркан, мен – боғча кўрмай катта бўлган одам – мум тишлаганча, бошимни сарак-сарак қилиб тинглардим.
Бу воқеага ҳам анча вақт бўлди. Ҳали-ҳамон ўша кунги суҳбат хотиримда айланади. Болалигимни эслайман...
Ёзув ҳақида илк тушунчаларни онам ўқийдиган газета ва китобларни йиртиб ташламаслигим учун қўлимдан олиб қўйишаётганда, катталарнинг узуқ-юлуқ гапларидан олганман. Яна акам “Алифбе”сини тутилиб-сутилиб ўқишга уринаётганида, бир-икки кўрганимни айта оламан, холос. Бошқа пайтлар ёзуви бор нарсаларни бўйимдан уч баробар олисдан томоша қилардим. Катталар ҳисоб жадвалидан бир чимдим, мадҳиямизни тўкис ўргатиб қўйишганини яхши эслайман. Хуллас, мактабга боргунимча саводим деярли йўқ эди. Эртаю кеч кўча чангитиб, томоша-тўполон қилардик. Сабаби маҳалламизда биз – шумтакалар учун боғча деб аталмиш макон йўқ эди. Минг афсуски, ҳозир ҳам йўқ. Ўқув хоналари етишмаганидан эски боғча биноси бошланғич синф ўқувчилари учун мактаб вазифасини бажарарди.
Ўша боғча-мактабга илк қадам қўйган даврларни – тенг-тўшларимнинг, жумладан, ўзимнинг ҳам ўқишга, жамоага киришиб кетишимиз осон кечмаганини кўп эслайман. Айниқса, боғча кўрган болаларнинг улғайиш палласидаги хулқ-атворию зеҳни, одамларга аралашиб кетиши бошқачароқ кечаётганини кўрсам, ўйларимнинг охири кўринмайди.
Машҳур педагог, олим П.Ф.Лесгафтнинг фикрича, боғча ёшидаги давр шундай даврки, унда шаклланажак характер хислатларимиз белгиланади ва ахлоқий сифатларимизнинг асослари юзага келар экан. Шунингдек, бола бутун ҳаёти давомида оладиган 70 фоиз ахборотга айни шу даврда талабгор бўлиши ҳам ҳаётий факт.
Боланинг боғча ёшидаги даври шу қадар мазмундор ва фаол бўлиб, бу давр унинг эртасида, албатта, ўз аксини қолдиради. Шунинг учун боғча ёшидаги даврнинг таъсир кучини мутахассислар алоҳида таъкидлайдилар:
- биринчидан, бола боғча ёшига ўтгач, унинг фаолият доираси анча кенгайиб, мустақиллиги янада ортади. Ўйинлари, хатти-ҳаракатлари ҳам ўзгача мазмунга эга бўла бошлайди;
- иккинчидан, боланинг бутун фаолиятида нутқнинг роли орта бошлайди;
- учинчидан, бола боғчага ўтгач, муайян дастур асосида, махсус педагог томонидан тарбиялана бошланади. Боғча ёшидаги боланинг яшаш шароитида юзага келган бу ўзгаришлар унинг жисмоний ва психик жиҳатдан ўсиб, камол топишига таъсирсиз қолмайди.
Давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори миллий кадрлар тайёрлашдаги муҳим босқич – мактабгача таълим тизимини тубдан ислоҳ қилишга қаратилгани аҳамиятлидир.
Бани башар яралибдики, таълим-тарбия янгиланиб боради ва замон талабларига жавоб берадиган такомилга етмоғи лозим. Агар бу иш ўз вақтида қилинмаса, жамиятда оғир асоратлар қоладики, бу миллат учун қимматга тушади. Мўйсафид мозий бунга гувоҳ.
Юртимизда мактабгача таълим тизимига узлуксиз таълимнинг бир бўғини сифатида эътибор бериб келинмоқда. Минг афсуски, сўнгги йилларда бу соҳада, умуман, таълим тизимида ютуқлар билан бирга талай муаммолар ҳам йиғилиб қолди. Худди Абдулла Авлоний бобомиз “Туркий Гулистон ёхуд ахлоқ” асарини бугунги кунимизни ҳам кўриб ёзгандек:
“Эмди очуқ маълум бўлдики, тарбияни туғилган кундан бошламак, вужудимизни қувватландурмак, фикримизни нурландурмак, ахлоқимизни гўзалландурмак, зеҳнимизи равшанландурмак лозим экан. Тарбияни кимлар қилур? Қайда қилинур, деган савол келадур. Бу саволга, “биринчи – уй тарбияси. Бу она вазифасидур. Икинчи – мактаб ва мадраса тарбияси. Бу ота, муаллим, мударрис ва ҳукумат вазифасидур”, деб жавоб берсак, бир киши деюрки, “Қайси оналарни айтурсиз, билимсиз боши пахмоқ, қўли тўқмоқ оналарми? Ўзларида йўқ тарбияни қайдан олиб берурлар”, дер. Мана бу сўз киши юрагини эзар, бағрини ёндурур. Отасига нима дерсиз, десак, “Қайси ота? Тўйчи, улоқчи, базмчи, дўмбирачи, карнайчи, сурнайчи, илм қадрини билмаган, илм учун бир пулни кўзлари қиймаган, замондан хабарсиз оталарни айтурсизми? Аввал ўзларини ўқутмак, тарбия қилмак лозимдур”, дер. Мана бу сўзни эшитгач, умид қўллари қўлтиғига урилур.
Хайр, бўлмаса, муаллим-чи, десак, “Қайси муаллим? Мақсади пул, маслаги шуҳрат, юқори мактабларда ўқимаган, “усули таълим” кўрмаган муаллимларни айтурсизми? Аввал ўзлари “дорилмуаллимин”ларда ўқумаклари, сўнгра дарс бермаклари лозимдур”, дер. Мана бу сўз инсонни ҳайрат дарёсига ғарқ қилур.
Мударрисларга не дерсиз десак, “Қайси мударрис? Матлаблари ош, мақсадлари чопон, дарслари беимтиҳон, ислоҳ яқинидан юрмаган мударрисларни айтурсизми? Булар ўз вазифаларини билуб, нафсларидан кечуб, замонға мувофиқ дарсларни ислоҳ қилуб, имтиҳон бирла ўқутмаклари лозимдур”, дер. Мана бу сўз ҳар кимни “Ал-ислоҳ” демакка мажбур қилур. Бўлмаса, ҳукумат-чи, десак, “Хайр, ҳукумат ҳамманинг отасидур. Ўз фуқаросининг болаларини тарбия қилмак лозим. Лекин ўзимиз иш билмаган, ялқов, уйда она тарбияси, отадан пул тарбияси, муаллимдан ахлоқ тарбияси, мударрисдан фунун тарбияси кўрмаганимиздан, ҳукумат мактабларидан ҳам ўз ҳиссаларимизни ололмаймиз”, дер. Мана бу сўз бизларни тарбиядан маҳрум, ҳуқуқнинг на эканин билмаганимизни билдирур”.
Тўғри, юқоридаги фикрларни бутунлигича замонимизга муқояса қилиб бўлмас, лекин хоҳлаймизми-йўқми, унда айтиб ўтилган қусурларнинг кўпи ҳозир ҳам мавжуд.
Мутахассисларнинг етишмаслиги, уларнинг савияси, аксар мактабгача таълим муассасаларининг бинолари, моддий-техник базаси оғир аҳволда экани, соҳа вакилларини рағбатлантиришда сусткашликлар кузатилаётгани ушбу тизимни шунчаки эмас, балки тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатади.
Беш йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида илғор хорижий тажриба ҳамда миллий анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда болаларга ҳар томонлама шароитларни яратиш, сифат даражасини ошириш, малакали кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, қишлоқларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан, замонавий қилиб қуриш каби эзгу ишлар келажак ворислари учун чинакам илмий асос бўла олади.
Қувончли томони, мактабгача тайёрлаш бўйича гуруҳларнинг янада кўпайтирилиши бўлса, яна бири – боғчага бора олмаган болаларнинг ота-оналари методик қўлланмалар билан таъминланишидир. Бу болага берилмоғи даркор бўлган тарбиянинг ҳар томонлама тизимлаштирилганидан далолатдир.
Болага неки уқтирилмасин, барчаси тарбия орқали бўлади. Тарбия инсон камолотида катта кучдир. Авлоний бобомизнинг, “Алҳосил, тарбия бизлар учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидур”, деган оташин ҳикматлари биз учун машъала бўлмоғи даркор.
Авваллари боғча деса, болаларни юпатиб, кунни кеч қиладиган жой деб билган гўшамиз ҳозирда маърифат ўчоғига айланмоқда. Энг асосийси, халқимиз жондан ҳам азиз қора кўзларининг эртасини ана шу масканларга ишониб топширмоқда.
Эътиқодлар тўқнашуви одамларни майда, енгил-елпи ахборот билан ахборотга бўлган иштиёқини қондираётган, миллий руҳдан мосуво қилаётган бир даврда таълим-тарбияга берилаётган эътибор пировардида чин маънодаги ватанпарвар, ҳалол, покиза, энг асосоийси, илмга ташна, тафаккур эҳтиёжи билан яшайдиган авлод етишиб чиқса, ажаб эмас.