Абдулқодир Машариповнинг тергов вақтидаги берилган саволларга жавоби кишини ҳайратга солади.
Ўшанда террорчининг тунги клубга бостириб кириб, кутилмаганда атрофга автомат орқали ўқ узиши оқибатида 39 киши ҳаётдан кўз юмди, 69 киши жароҳатланди. Қурбонлар орасида хориж фуқаролари 15 нафардан ортиқни ташкил этади..
Кейинчалик клубга ўрнатилган камера ёзувлари орқали террорчининг фотосуратлари эълон қилинди. Ана шу сурат ва бошқа видеолар орқали террорчи ҳақида турли маълумотлар тўпланди. Коньяга оиласи билан келган террорчи бу ерда Юсуф Хожа исмини олган яна бир террорчи билан учрашган. Улар 15 декабрга қадар теракт режасини тузганлиги аниқланди.
Террорчи эса Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллуси билан ҳаракат қилган бўлиб, асл исми Абдулқодир Машарипов эканлиги ошкор бўлди.
Туркия ОАВларининг айримлари уни ўзбекистонлик эканлиги ҳақида хабар тарқатишганди, аммо бу маълумот ҳамон ўз тасдиғини топмади. Ҳозирга қадар Туркия ва жаҳоннинг бошқа етакчи ОАВлари унинг миллати ва қайси мамлакат фуқароси эканлиги борасида аниқ факт келтирмаган.
1 январь куни террористик ҳаракатларни амалга оширгач, Машарипов Зейтинбурну туманига, рафиқаси ва фарзандларинниг ёнига қайтган ҳамда кенжа 4 ёшли фарзандини олиб ғойиб бўлган.
Террорчини қидириш чоғида кузатув камераларидаги 7200 соат ёзувлар ўрганиб чиқилди, амалиётда полициянинг икки минг ходими қатнашди. У нафақат Истанбулда, балки Туркиянинг бошқа шаҳарлари – Конья, Ҳатай, Измирда ҳам олиб борилди. 152 манзил бўйича тинтувлар ўтказилиб, 50 га яқин киши қўлга олинган.
16 январь куни кечаси Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллусини олган Абдулқодир Машарипов исмли шахс Эсенюрт туманида олиб борилган тезкор қидирув ишлари чоғида шу ердаги турар-жойларнинг биридан топилган ва қўлга олинган.
Ҳибсга олинган вақтда Машариповнинг ўғли у билан эмасди. Тинтув чоғида унинг ёнидан салкам 200 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ топилган.
“Мен эримнинг теракт содир этгани ҳақида телевидение орқали намойиш этилган янгиликлар орқали хабар топдим. Турмуш ўртоғимнинг ИШИД террорчиси, деб ўйламасдим. Унинг ИШИД билан алоқаси борлиги ҳаёлимга ҳам келмаганди”, дейди Машариповнинг рафиқаси суҳбатда.
Полиция жиноятчи билан бирга учта аёл ва ироқлик эркакни қўлга олган. Ҳозирга қадар уларнинг террористик ҳаракатга алоқадор экани тасдиқланмаган.
Машариповнинг бармоқ излари фожиа жойидан олинган бармоқ излари билан мос экани аниқланди. Орадан бир кун ўтиб, сўроқ қилиш давомида Машарипов ўз айбини тан олди.
Шу билан бирга, террорчининг ИШИД билан алоқадор экани, айнан уларнинг буйруғи асосида ҳаракат қилгани, теракт уюштиришдан аввал Афғонистонда тайёргарликдан ўтгани маълум бўлди.
Машарипов ҳақида унинг Ўзбекистонда 1983 йилда туғилгани, 4 тилда бемалол гаплаша олиши, оилали, фарзандли экани борасидаги маълумотлар бор.
Кеча, 18 январь куни Туркияда қўлга олинган Машариповни сўроқ қилиш ишлари давомида ошкор бўлган ҳақиқатлар, маълумотлар “Haber7.com” нашрида чоп этилди.
Ўлим топиш учун борганман...
Террорчининг айтишича, Reina тунги клуби теракт содир этиш, сўнг ўзи ҳам ўлим топиш учун борган. Аммо маълум сабабларга кўра тирик қолган. Уни 46 соат давомида излаётганликларини билган. Шу сабабли бир неча бор беркиниб ётган жойини ўзгартирган.
Турк тилини унчалик билмайман, рус тилида сўзлаша оламан...
Машарипов аввалига турк тилида сўроқ қилинди. Бироқ у турк тилини яхши билмаслигини айтди. Сўроқ қилиш инглиз тилида, сўнг рус тилида амалга оширилди. Рус тилида саволларга жавоб бера олаётгани маълум бўлгач, Машарипов узоқ вақт қатор саволларга жавоб беришига тўғри келди.
Нима учун айнан Reina тунги клубига ҳужум қилдинг?
Сўроқ қилиш давомида берилган биринчи савол Reina тунги клуби борасида бўлди. Терговчи ундан “Нима учун айнан Reina тунги клубига ҳужум қилдинг?”, деб сўради. Машарипов саволга, “У ерда кофирлар бор эди, шу сабаб мен айнан шу ерга ҳужум қилдим” деб, жавоб берган.
Эшик тагидаги полициячига нима учун ҳужум қилдинг?
Терговчининг “Эшик тагида турган полициячига нима сабабдан ўқ уздинг?”, деган саволига, Машарипов “У полициячи менга қарата ўқ узди. Кейин ичкарига кирди. Мен ичкарига уни ўлдириш учун кира олмадим”, деб жавоб қайтарди.
2015 йил Эронда сохта паспорт билан қўлга олингандим...
Суҳбат чоғида Машарипов 2015 йил Эронда сохта паспорт билан қўлга тушганини, 1 ой двомида қамоқда ушлаб турилганини айтиб берди.
Reina тунги клубини танлагач, қўлбола бомбани ясадим...
Эронда бир муддат қамоқда сақланганимдан сўнг 2016 йилнинг январида Туркияга келдим. Шундан сўнг, Конья шаҳрига жойлашдим ва бу ерда 1 йилга яқин яшадим. Шу вақт давомида Ракка шаҳри билан мунтазам алоқада бўлдим. Янги йил кечаси ИШИД томонидан ҳужум қилиш ҳақида буйруқ бўлди.
FLASBANG бомбаси портлади...
Янги йил куни кечаси менга бомбани олиб келиб бериши керак бўлган шахс билан учрашдим. У менга бомбанинг ёруғлик ҳамда кучли овоз генерацияси мавжуд эканини айтди. Шундан сўнг, тунда 22:00 да Reina тунги клуби олдидан ўтаётиб, у ерда баланд мусиқа эшитилаётганига гувоҳ бўлдим. Уйга қайтиб, бомбани олдим. Кейин эса тунги клубга олдимга қўйилган вазифани бажариш ва ўлим топиш учун бордим. Мен ичкарига кириб бомбани жойлаштириб чиқдим. Одамларга қарата ўқ уздим. Бомбанинг портлаётганини кўргач эса ташқарига югуриб чиқдим...
Мен Раккадан келган буйруқни бажардим...
Амалга оширилган терактдан сўнг, мен 4-5 та дўстларим билан беркиниб ўтирдим. Бизни қидиришаётганини, катта хавф остида эканимизни билардик.
Flashbang ўзи қандай бомба?
Ушбу бомба товуш таъсирида портлайди. Асосан махсус хизмат вакиллари, мамлакат ҳарбий армияси фойдаланадиган қурол-яроғлар таркибига киритилган. Ундан асосан қонунбузарларни, жиноятчиларни қўлга олишда фойдаланилади. Айнан АҚШ армияси қуроллари ҳисобида мавжуд. Бомба ишга тушганда ўзидан катта ёруғликни чиқаради ҳамда 170 децибелдаги баланд товуш билан бирга резина бўлаклари ва шиша бўлакларини атрофга отади. Жиноятчи карахт ҳолатга келади, маълум вақт қулоқларнинг эшитиш қобилияти йўқолади. Машарипов ушбу бомбани тинч маҳаллий аҳоли вакилларига нисбатан қўллаб, ўнлаб бегуноҳ кишиларнинг ҳаётдан кўз юмишига сабаб бўлган.