Абдулқодир Машариповга Калашников автоматини берган террорчи гаров сифатида унинг ўғлини олиб кетгани маълум бўлди.
1 январь куни террористик ҳаракатларни амалга оширгач, Машарипов Зейтинбурну туманига, рафиқаси ва фарзандларинниг ёнига қайтган ҳамда кенжа 4 ёшли фарзандини олиб ғойиб бўлган.
Террорчи, Абу Муҳаммад Хуросоний тахаллусини олган Абдулқодир Машарипов 16 январь куни кечаси Эсенюрт туманида олиб борилган тезкор қидирув ишлари чоғида шу ердаги турар-жойларнинг биридан топилган ва қўлга олинганди.
Сўроқ жараёнида Машарипов ўз айбини тан олди ва теракт содир этиш учун ўлимга тик боргани, бироқ номаълум сабабга кўра тирик қолгани, Афғонистонда тайёргарликдан ўтгани, Reina тунги клубига бино ичида кофирлар борлиги сабабли ҳужум қилгани, 2015 йил Эронда сохта паспорт билан қўлга олингани, барча ҳаракатларни ИШИДнинг буйруғи асосида амалга оширгани ҳақида айтиб берди.
Узоқ вақт давом этган сўроқ қилиш жараёнида террорчига “Қилган ишингдан пушаймонмисан?” деб сўралганда, у “Йўқ, агар имкон бўлганида яна шу ишни қилган бўлардим”, деб жавоб қайтарди, деб ёзмоқда “Haber7.com”.
Машариповни ҳибсга олиш жараёнида у билан бирга учта аёл ва ироқлик эркак ҳам қўлга олинган. Ҳозирча уларнинг террористик ҳаракатга алоқадор экани тасдиқланмаган. Террорчини тутиш вақтида унинг ўғли ёнида бўлмаган.
Машариповнинг айтишича, Reina тунги клубида содир этилган ҳужум олдидан унга Калашников автоматини берган яна бир террорчи билан учрашганини, ўша вақтда жангари унинг 4 ёшли ўғлини “Ишни бажарганингдан кейин ўғлингни оласан”, деб ўзи билан олиб кетганини айтган.
Айни вақтда Машариповга қурол берган ва унинг ўғлини олиб кетган фуқаронинг шахси аниқланган.
Маълумотларга кўра, Туркияда ИШИД террорчиларининг 30 дан ортиқ ҳужра-уйлари, шунингдек, террориҳчиларни транзит ўтказиш уйлари аниқланиб, уларни қўлга олиш ва йўқ қилиш борасида ҳарбий операциялар амалга оширилмоқда.
Ҳеч бир динда одамларни ўлдириш, зулм кўрсатиш айтилмаган. Ислом дини уламолари ҳам, дунё илмининг буюк арбоблари ҳам бундай қабиҳликни буткул рад этади. Шундай экан Машариповдек қабиҳ кимсалар ўзларининг нопок мақсадларига динни рўкач қилишлари қанчалик тўғри?! Қон тўкиш, буюк неъмат – тинчлик, хотиржамликни бузиш асли инсонийликданми?!
Ҳайвондан фарқимиз шу: онгимиз бор. Тафаккур қилиш бахтига муяссармиз. Тинчлик, фаровонлик улуғ неъмат эканини, нурли тонглар, осуда тунлар учун ҳар биримиз масъул эканимизни дои ёдда сақлайлик.