...
МЕНЮ
ONLINE TV

Терминалсиз газета дўконлари ёпиб қўйилди


14:36, 01.04.2017 Жамият
 2 339

Уларнинг аксариятида интернет ҳамда халқаро телефон сўзлашув карталари, уяли алоқа телефонларига тўлов карталари сотуви, телефон-факс ва нусха кўпайтириш хизматлари йўлга қўйилмаган.

Миллий матбуот марказида “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси томонидан вақтли матбуот нашрларини аҳолига тез ва сифатли етказиб бериш бўйича белгиланган чора-тадбирлар, муаммо ва ечимларга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
 
Сўнгги йилларда компания фаолиятини янада такомиллаштириш, вақтли матбуот нашрларини истеъмолчига тез ва сифатли етказиб бериш мақсадида қатор ишлар амалга оширилди, дея хабар берди ЎзА.
 
“Тизим корхоналаридаги мавжуд “Матбуот” киоскларининг аксарияти жорий ва капитал таъмирланди. Маркетинг тадқиқотларига асосан аҳоли гавжум жойларга 153 ҳамда пойтахтимизнинг марказий кўчаларига янги типдаги 98 киоск жойлаштирилди. Автомашиналар таъмирланиб, 49 янги автотранспорт воситаси харид қилинди. Жорий йил учун обунани расмийлаштириш ва етказиб бериш харажатлари бўйича тарифлар сезиларли даражада пасайтирилди, баъзи нашрлар, хусусан, ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга ва болалар учун нашрларга имтиёзлар қўлланилди”, дейди “Матбуот тарқатувчи” акциядорлик компанияси бош юрист-консультанти Алишер Қосимов.
 
Компаниянинг чакана савдо тизимида даврий нашрлар билан бирга етти юздан ортиқ турдаги китоб маҳсулотларининг савдога чиқарилгани аҳоли учун яна бир қулайликдир.
 
www.akmt.uz веб-сайтида обуна катологининг электрон кўриниши жойлаштирилган бўлиб, интернет тармоғи орқали ҳам даврий нашрларга обуна йўлга қўйилган. Ҳозир мазкур хизмат тури янада такомиллаштирилмоқда.
 
Шу билан бирга компания фаолиятида қатор муаммо ва камчиликлар борки, улар вақтли матбуот нашрларининг истеъмолчига ўз вақтида етиб боришига, обуна жараёни ҳамда хизмат сифатига салбий таъсир кўрсатаётир. Бугунги кунда “Матбуот” киоскларининг 700 га яқини тўлов терминаллари билан таъминланмагани учун ёпиб қўйилган. Уларнинг аксариятида янги хизмат турлари, хусусан, интернет ҳамда халқаро телефон сўзлашув карталари, уяли алоқа телефонларига тўлов карталари сотуви, телефон-факс ва нусха кўпайтириш хизматлари йўлга қўйилмаган.
 
Матбуот анжуманида ана шу сингари камчиликлар ва уларни бартараф этиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида фикр юритилди.
Бобур Жалолов

Теглар:Матбуот тарқатувчи Киоск Газета 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар