Бироқ бу “бизнес” маълум маънода “занжирли тизимга” қўйилгани, айрим телефон тузатувчи усталар ўзига таниш бўлган ўғрилардан билиб-кўриб туриб мобил алоқа воситасини арзон гаровга сотиб олишлари бор ҳақиқат.
Мобил телефон аппарати нафақат қулай алоқа воситаси, у кундалик дафтари ҳам, қўл соатининг ўрнини босувчи вақт дараги ҳам, қисқаси, у фотоаппарат, диктофон, суратлар жамланмаси ва ҳоказо, ва ҳоказо...
Бу матоққа эҳтиёжимиз ошгани сари айнан мобил телефон аппаратини ўғирлаш жинояти ҳам кўпайиб бораётгандек туюлмоқда.
Чилонзор туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлимининг маълумотларига кўра, жорий йилнинг саккиз ойида 209 та ўғирлик жинояти содир этилган бўлса, улардан 72 таси телефон аппарати ўғирлиги билан боғлиқ жиноятлар ҳисобланади.
Саодат Абдураҳмонова, талаба:
– Мен июн ойида “I Phone 5” русумли телефонимни 77-автобусда ўғирлатиб қўйдим. Рўпарамдаги бир йигит менга урилиб, чўнтагимга қўлини солганини сезган бўлсамда, тезкорлик билан бекатга тушиб қолгани учун ҳеч нима қила олмадим...
Мухлиса Жонибекова, талаба:
Май ойида доимгидек дарсдан қайтаётгандим. Автобусга чиқаётганда телефон чўнтагимда эди. 9Т-автобуси ниҳоятда тиқилинч эканлиги учун қандай қилиб ўғирлатганимни сезмай қолдим.
Бу воқеаларга ойдинлик киритиш мақсадида энг кўп телефон ўғирлиги содир бўладиган 9Т-йўналишидаги автобус ҳайдовчиси суҳбатга тортдик.
Дилмурод Ашуров (исм-шарифи ўзгартирилган), ҳайдовчи:
– Ҳар куни қайсидир йўловчи автобусда телефонини ўғирлатиб қўйгани учун бизга шикоят қилади. Аммо йўқотилган нарсаларга биз жавоб бера олмаймиз. Чунки, бир кунда минглаб инсонларни ўз манзилига етказамиз. Киссавурлар шу даражада устаси фарангки, ҳатто бир пайтнинг ўзида уч кишининг телефонини ўғирлаган вазиятлар ҳам бўлган. Шунинг учун йўловчилар ўз буюмларига эътиборли бўлишлари лозим.
Тўғри, автобус ҳайдовчиси ёки чиптачиси йўловчилар салонини тўлиқ назорат қила олмайди. Тошкент кўчаларидаги тирбандликда йирик ҳажмли автобуслар ҳаракатининг ўзи бир маҳорат.
Ўғирланган телефонларнинг “тақдири” кўпинча икки хил бўлади.
Биринчиси, унинг хотираси бутунлай тозаланиб, аппаратнинг сиртки қисми алмаштирилади.
Иккинчиси, мобил қурилма бутунлай титилиб, ичидаги қиммат эҳтиёт қисмлар пулланади. Киссавур доимгидай ишини бажариб, ўғирлаган телефон аппаратини сотади.
Айнан кимга пуллайди? Қанчага пуллайди? Буниси бизда қоронғу...
Бироқ бу “бизнес” маълум маънода “занжирли тизимга” қўйилгани, айрим телефон тузатувчи усталар ўзига таниш бўлган ўғрилардан билиб-кўриб туриб мобил алоқа воситасини арзон гаровга сотиб олишлари бор ҳақиқат.
Савол туғилади... Наҳотки, ўша телефонни сотиб олаётган олибсотарлар жиноятга шерик бўлаётганидан бехабар бўлса?
Ахир бундай телефон аппаратларида на амал қилиш муддати ёзилган ҳужжат, на ишлаб чиқарилган компаниянинг қадоқ қутиси бор...
“Фарҳод” бозори атрофида мобил телефон сотаётган олибсотарлар эътиборимизни тортди.
Иккита сотувчи ўзининг кичик растасида уларни сотмоқда. Бирида 16 дона телефон аппарати бўлиб, улардан бор-йўғи учтасининг ҳужжати бор!
Иккинчисида эса бундай “харидоргир товар” 25 дона, аммо бирортасининг ҳам ҳужжати йўқ экан...
Сотувчилардан телефон аппаратининг фойдаланиш қўлланмасини сўраганимизда “Биз ўзимизга тегишли паспортдан нусха берамиз. Шу орқали, телефон агар ўғирланган бўлса, сиз ўғирламаганингизни исботлай оласиз. Борди-ю йўқотиб қўйсангиз, серия рақами орқали топишингиз мумкин”деб жавоб берди.
Майли, бу телефоннинг собиқ эгаси ҳужжатини йўқотиб қўйгандир. Аммо 41 та телефондан бор-йўғи учтасининг ҳужжат бўлиши кишини турли шубҳа-гумонларга етаклайди...
Сўнгра мобил воситалар сотадиган жой рўпарасидаги телефонга пул ўтказиш шохобчасига кириб, унинг ишчисидан саволларимизга жавоб олишга ҳаракат қилдик.
Ишчининг айтишича, олибсотарлар сотаётган телефон аппаратини ўғирланганини яхши билишар, бироқ киссавурлар жуда арзон нархга пуллагани учун мўмай даромад илинжида дарров сотиб олишар экан.
“...Чилонзор туманида истиқомат қилувчи жуда кўп фуқароларлар телефон аппарати йўқолганидан шикоят қилишади. Айниқса, бундай жиноятлар турли транспорт воситалари ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда содир бўлмоқда. Хўш, киссавурлар кимлар? Улар асосан пойтахтга ишлаш мақсадида келиб, аммо иш топа олмаганлиги учун “шу йўлга” кирган бекорчилар ҳамда муқаддам судланган бошқа шахслардир. Аммо киссавурларнинг бозорини чаққон қилаётган — олибсотар “ишбилармонлар”! Чунки ҳужжатсиз телефон аппаратини сотиб олиб, уни қайтадан пуллаётганлар — мобил алоқа воситасини ўғирланганлигини жуда яхши билишади”, дейди Чилонзор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи Эшниязов Бегзод.
Кўпчилигимиз Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўғир” ҳикоясини ўқиганмиз...
Унда битта сигирнинг йўқолиш воқеаси билан жамиятдаги бир нечта “ўғирлар” танқид остига олинади.
Хўш, киссавурлардан ташқари “бизнес”нинг ушбу осон ва сердаромад тури билан шуғулланаётган — айрим телефон тузатувчи усталар ва уларнинг “ишончли шериклари” бўлмиш олибсотарлар ҳам ўғри эмасми?
Ушбу мавзуда кўтарилган жиноятчиликка қарши курашиш юзасидан қандай ишлар олиб борилаётгани ҳақида ҳуқуқ-тартибот органлари мутасаддиларидан маълумотлар кутиб қоламиз?
Бу борада сизнинг фикрингиз қандай, азиз замондош?