2018 йил давомида йирикроқ номиналдаги банкнотани муомалага чиқариш режалаштирилаётганлиги маълум қилинган.
Январь ойи бошида Марказий Банк 2018 йилги вазифалар қаторида майда купюраларни босқичма-босқич тангаларга алмаштириш ва йирикроқ номиналдаги банкноталар чиқаришни санаб ўтган эди.
Март ойи ўрталарида Сенат 50, 100, 500 сўм номиналдаги янги намунадаги тангалар, шунингдек, 200 сўмлик янги тангани чиқариш таклифини маъқуллади. Бироқ банкнота ҳақида сўз юритилмаган.
Шу муносабат билан “Spot” интернет нашри Марказий банкка мурожаат қилди ва Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Тимур Ишметовдан жавоб олди.
Жавобда 2018 йил давомида йирикроқ номиналдаги банкнотани муомалага чиқариш режалаштирилаётганлиги маълум қилинган.
Унда, шунингдек, ўрнатилган тартибга кўра, банкноталар намуналари ва уларнинг дизайнлари Олий Мажлис Сенати Кенгаши билан мувофиқликда Марказий банк томонидан тасдиқланиши, янги купюрани чиқариш бир қатор ташкилий-техник тадбирларни амалга оширишни талаб қилиши таъкидланади.
Марказий банк айни пайтда янги купюралар чиқарилиши аниқ санасини маълум қила олмаслиги таъкидланади. Муддатлар аниқланганда, мазкур маълумот Марказий банк расмий сайтига жойлаштирилади.