Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов музейини ташкил этиш фонд олдида турган устувор вазифалардан бири экани айтилди.
Ислом Каримовнинг иш столи ёнида тушилган суратни ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифасига жойлаштирган Лола Каримова-Тилляева Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига музей ташкил этилаётгани ва онаси билан Ислом Каримов хайрия фондига асос солгани ҳақида хабар қилди.
Жамоатчи шундай деб ёзади:
“Юртимизнинг Биринчи Президенти оламдан ўтганларига икки ярим ой бўлди. Отамнинг хотиралари ва ҳаётда амал қилган тамойилларини абадийлаштириш мақсадида мен онам билан биргаликда Ислом Каримов номи билан аталувчи жамоатчилик хайрия фондига асос солдик. Фонд ўз олдига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига бағишланган музейни ташкил қилиш ва Ватанимиз мустақиллигининг асосчиси тўғрисида мақола ва асарлар нашр этишни мақсад қилиб олган.
Фонднинг бирламчи вазифаларидан бири мамлакатимиз ҳамда хорижда Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва адабий меросини тарғиб қилишга мўлжалланган дастурларни амалга оширишдан иборатдир.
Ислом Каримов фонди томонидан ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ривожлантиришга, олий ўқув юртлари ва мактаб мураббийлари ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий малакаларини оширишга йўналтирилган турли илмий-маърифий, маданий дастур ва лойиҳалар амалга оширилади.
Ушбу дастурлар доирасида Ислом Каримов фонди истеъдодли ёшларга мамлакатимиз ва хорижий давлатларнинг энг илғор олий ўқув юртларида таълим олишлари учун грантлар ажратиш кўзда тутилган. Шунингдек, Ислом Каримов фонди ўзбек тилини ривожлантиришга алоҳида аҳамият беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Фонд томонидан ўзбек классик ва замонавий ёзувчилар асарларини чет тилларга таржимаси ва нашри учун грантлар берилади.
Она юртимизнинг анъаналари, адабиёти ҳамда халқимизнинг бой маданий меросининг бошқа жабҳаларига тегишли адабиётлар нашр этмоқлик ҳам фонд фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири бўлади.
Ислом Каримов фонди халқимизнинг авлодан авлодга, асрлар оша ўтиб келаётган ҳунармандчилик анъаналарини асраш ва қўллаб-қувватлашни кўзда тутган лойиҳаларни ҳам амалга оширади.
Ўзбек замонавий тасвирий санъат мактабини тараққий эттириш мақсадида Ислом Каримов фонди ўзбек санъат усталари томонидан яратилган энг яхши асарлар коллекциясини тўплашни ҳамда машҳур рассомлар ва истеъдодли ёш санъаткорларнинг кўргазмаларини ташкил этишни ўз бирламчи вазифаларидан бири қилиб белгилаган.
Ислом Каримов фонди мана 14 йилдан буён ота-она қарамоғисиз қолган ва нигирон болалар ва ёшларга ёрдам кўрсатиб келаётган “Сен ёлғиз эмассан” жамоатчилик болалар фонди билан ҳамкорликда ҳам фаолият олиб боради.
Ислом Каримов фонди юртимизда истиқомат қилувчи кўпгина инсонларга ўз салоҳиятини амалга оширишда ёрдам бериб, она Ўзбекистонимизнинг маданий ва маърифий ривожига ўз салмоқли ҳиссасини қўшади, деб умид қиламан”.