Акциядорлик жамиятнинг ташкилий шакли ҳуқуқий ҳолатига мос келмаган.
Ўз навбатида бу Фармон мавжуд муаммоларни ҳал этиш, шунингдек, юқори сифатли тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва уни жаҳон бозорларига илгари суриш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар комплексини белгилаб берди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур Фармон иқтисодиёт тармоқларига маъмурий таъсир кўрсатишни янада қисқартириш ва бошқарувнинг бозор механизмларини кенгайтиришни назарда тутадиган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 сентябрдаги ПФ–5185-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалий рўёбга чиқаришда муҳим қадам ҳисобланади.
Бундан ташқари, Давлат раҳбари ўзининг Фармонида тўқимачилик саноати корхоналари, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ акциядорлари йиғилишининг ва қатор идораларнинг “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифини қўллаб-қувватлади. Бунда давлатнинг тартибга солиш ва хўжалик функцияларини ўз ичига олган “Ўзбекенгилсаноат” АЖ тугатилади.
Мазкур уюшмага республика тўқимачилик тармоғини барқарор ривожлантириш бўйича кенг доирадаги вазифалар юклатилди.
Соҳани бошқариш тизими тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг замонавий тенденцияларига жавоб бермаслиги, ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қодир эмаслиги мазкур қарорнинг қабул қилинишини тақозо этди. Масалан, “Ўзбекенгилсаноат” АЖ таркибига 436 та корхона киради, бу эса улар умумий сонининг атиги 6 фоизини ташкил этади. Ушбу жамиятнинг фаолияти асосан статистикани тўплаш, турли хил йиғилишлар ўтказиш, кўргазмаларни ташкиллаштиришга қаратилган. Унинг ташкилий шакли ҳам акциядорлик жамиятининг ҳуқуқий ҳолатига мос келмайди.
Хорижий мамлакатларнинг тажрибаси шуни кўрсатдики, тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг самарали шаклларидан бири кластерларни ташкил этиш ҳисобланади. Мазкур модель пахта хом ашёсини етиштириш, дастлабки ишлов бериш, маҳсулотни пахта тозалаш корхоналарида кейинги қайта ишлаш ва юқори қўшилган қийматли тайёр тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ўз ичига олган ягона ишлаб чиқариш циклини ташкил этишни кўзда тутади.
Бундан келиб чиқиб, махсус Ишчи комиссияга Пахта-тўқимачилик кластерларини ўрта муддатли истиқболда ривожлантириш концепцияси лойиҳасини, шундай кластерларни Бухоро ва Навоий вилоятларида ташкил этиш натижаларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш топширилди.
Шу билан бир қаторда, Фармон билан тўқимачилик саноати корхоналарини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар, шу жумладан божхона тўловлари тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим этиш назарда тутилмоқда.