ДАИШ назорати остидаги ҳудудда 5000 га яқин археологик ёдгорликлар мавжуд ва террористик гуруҳ 2014 йилнинг ярмидан буён тарихий буюмлар савдосидан бир неча миллион АҚШ доллари ишлаб олган.
Бугун террористлар фақат одамларнинг ҳаётига хавф солмасдан, балки неча юз йиллар мобайнида сақланиб келаётган тарихий обидаларнинг ҳам кулини кўкка совурмоқда.
Ўтган 20 йил мобайнида фундаменталист гуруҳлар шуни англадиларки, улар қайта тикланмас тарихий обидаларни вайрон қилиш орқали жаҳон оммасининг эътиборини тортишлари мумкин. 2001 йилда Толибонлар томонидан Афғонистоннинг Бомиён провинасиясидаги тарихий Будда ҳайкали портлатилганди. Бугун эса ДАИШ жангарилари бундай қабиҳ ишларга қўл урмоқдалар. Суриянинг икки минг ёшга эга Палмира шаҳри бузғунчи террористлар томонидан атайин вайрон этилмоқда. ДАИШ раҳбарлари бундан икки мақсадни кўзлаган: қўшимча даромад олиш ва Ироқ ҳамда Суриянинг маданий меросларини бутунлай йўқ қилиш. Албатта террористлар учун биринчи мақсад муҳимроқ. Тарихий обидалардаги буюмлар террористлар томонидан мўмайгина пул эвазига сотилмоқда, бўшаган биноларнинг ўзи эса портлатилмоқда. Сурия ва Ироқ халқининг аждодлари ўз авлодларига қолдирган буюк мерос одам қиёфасидаги махлуқлар томонидан йўқ қилинмоқда. Вазият шу таҳлид давом этаверса, бу икки давлат аҳолисининг келажак авлодга мерос қилиб қолдиришга фақат вайроналари қолади.
Археолог Сара Паркакнинг айтишича, “Биз бу ҳолатга жим қараб тура олмаймиз”. Шунинг учун ўтган йилнинг август ойида АҚШ Федерал тергов бюроси (ФТБ) санъат асарлари коллекционерлари ва сотувчиларини ДАИШнинг тарихий қимматбаҳо буюмларни бозорга киритаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. ДАИШнинг асосий даромад манбалари: нефть, газ ва тарихий қимматбаҳо буюмлар ҳисобланади.
Америкалик ДАИШ бўйича мутахассис Эндрю Келлернинг таъкидлашича, ДАИШ назорати остидаги ҳудудда 5000 га яқин археологик ёдгорликлар мавжуд ва террористик гуруҳ 2014 йилнинг ярмидан буён тарихий буюмлар савдосидан бир неча миллион АҚШ доллари ишлаб олган. “Сиз мазкур ҳудудларнинг харитасини тузиш учун суний йўлдош тасвирларидан фойдаланганизда, шу нарса аён бўладики, минтақадаги минглаб археологик ёдгорликлар ҳали харитада белгиланмаган ёки тадқиқ қилинмаган”, дейди археолог Сара Паркак.
“Тарихий буюмлар савдосидан қанча фойда келиши, ким томонидан сотиб олинишини аниқ билмаймиз. Тарихий буюмлар савдоси қурол контрабандаси, наркотраффик ва одам савдосига боғланган ва улар билан бир хил йўналишда Шарқ ва Ғарбнинг “қора бозор”ларига кириб бормоқда”, дейди археолог.
Тарихий обидалар халқларга ўз ўтмишларини тиклаш, тасаввур қилиш имконини беради. Улардан турли хил тарихий буюмлар, манбаларни олиш, ўғирлаш, яксон қилиш, худди тарихнинг маълум бир даврини ўчириб ташлагандек гап. ДАИШ томонидан Сурия ва Ироқда тарихий меросни йўқ қилишдаги ҳаракат, нафақат бу ердаги аҳолининг, балки дунё аҳлининг ҳам катта муаммоси саналади. Бу ҳолатни бутунлай тўхтатиб бўлмайди, лекин камайтириш мумкин. Бунинг учун тарихий буюмлар номаълум йўл билан кириб келаётган “қора бозор”ларни умуман ёпиб ташлаш ва бу ишга алоқадор одамларни тақиб қилиш лозим.