...
МЕНЮ
ONLINE TV

Райҳоннинг қўшиғи хориждан ўғирланганмиди?
Сўз экспертларга!


17:18, 20.01.2016 Шоу-бизнес
 10 985

Бастакорлар Ойдин Абдуллаева, Игорь Пинхасов, Шуҳрат Зокиров ҳамда Озарбайжонлик хонанда ва бастакор Ахмед Мустафаев Райҳоннинг “Жавоб бери” Том Боксер ва Антониянинг “Морена”сига қанчалик ўхшашини таҳлил қилишди.

Ёдингизда бўлса сайтимиз орқали Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг 2015 йил сўнгида тингловчилар эътиборига ҳавола этган “Жавоб бер” номли қўшиғи Том Боксер ва Антониянинг “Морена” қўшиғига икки томчи сувдек ўхшаши ҳақида мақола чоп этган эдик. Хўш, сизнингча бу қўшиқлар бир-бирига қанчалик ўхшаш? Қўшиқларни тинглаб солиштириб кўрдингизми?

Бу мақоладан сўнг хонанда Райҳон Ғаниеванинг маъмури бизга қўнғироқ қилиб эътироз билдирди. Қўшиқ муаллифи “Беном” гуруҳи вакили Сарвар эканини айтиб, икки қўшиқлар бир-бирига ўхшашишини исботлаб беришимизни талаб қилди. Қўшиқлар бир-бирига қанчалик ўхшашлигини баҳолаш, очиқ-ойдин фикр билдириш учун ўндан ортиқ тажрибали, бугун шоу-бизнесда ўз ўрнига эга, таниқли, энг хит қўшиқларни меники дейдиган аранжировкачиларга мурожаат қилдик. Минг афсуски, уларнинг кўплари “Жавоб бер” ва “Морена”нинг ўхшаш жиҳатларини исмларини ошкор этмаслик шарти билан айтишди, холос. Кимдир хонанда Райҳон Ғаниева ва мусиқа муаллифи Сарвар Азимов (“Беном” гуруҳи вакили) билан муносабатлари бузилишидан қўрқса, яна кимдир ўзи ҳам бир вақтлар қўшиқ ўғирлаганини, шу сабаб очиқчасига гапириши ноўринлигини айтди.

Биз бу масалада ўз ишининг устаси бўлган, профессионал мутахассисларга мурожаат қилдик.

Ойдин Абдуллаева, Ўзбекисттон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, “Зулфия” номидаги давлат мукофоти совриндори, халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби, “Ниҳол” мукофоти танловлари ҳайъат аъзоси, “Эътироф-2015” совриндори, бастакор:

— “Жавоб бер” ва чет эл эстрадасидаги “Морена” қўшиғини тинглагач, биринчи навбатда қўшиқлардаги тоналликнинг бир хиллиги эътиборимни тортди. “Жавоб бер”нинг гармонияси “Морена”дан бир хил кўчирилган. Қўшиқнинг чолғу йўлида ҳам ўхшашлик бор. “Морена”нинг мусиқасини қайси чолғу чалаётган бўлса, “Жавоб бер”да ҳам ўша чолғудан фойдаланилган, ҳатто чолғу темпи ҳам бир хил. Аранжировкада ритм секциясининг ишлаши ҳам жуда ўхшаш. Ритмни вариациялаш эвазига ритм ўзгариши мумкин, бироқ ўзаги қолаверади. Аранжировкачи “Жавоб бер”да айнан шу йўлдан фойдаланган. Унинг шеърига келадиган бўлсак, шеъриятда вазнларнинг яширин куйи бўлади. Шеърнинг ҳисобига ҳам қўшиқда янги мелодия яратилган, деган тушунча пайдо бўлади, бироқ “Морена”даги оҳанг пастга кетиши ёки тепага ҳаракатланиши “Жавоб бер”да ҳам бир хил учрайди. Қўшиқнинг шовқинли бошланиши ва туйқусдан тугалланиши бир хил. Бу ерда ўзбек тилининг образлилиги, табиати, оҳанг дунёси тингловчини чалғитиб, қўшиқни кўчирилган деган хулосага келишига йўл бермайди. “Морена”нинг аранжировкасида безаклардан жуда кўп фойдаланилган. “Жавоб бер”да эса бу ҳолат нисбатан кам кузатилади. Райҳоннинг қўшиғида асосий эътибор сўзларга, вокалга, ижрочининг тембрига қаратилган. Ижрочининг овози мусиқадан ажратиб кўрсатилган. “Морена”да хонанданинг овози аранжировка билан қоришиб кетган. Хулоса ўрнида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниева ижросидаги “Жавоб бер” қўшиғи Том Боксер ва Антониянинг “Морена”сига 90 фоиз ўхшайди, деб айта оламан.

Бастакор Ойдин Абдуллаева фикрларидан сўнг биз “Жавоб бер” қўшиғининг аранжировкаси муаллифи Сарвар Азимовга қўнғироқ қилдик. У фақат битта бастакорнинг фикри билан бир тўхтамга келмай, бошқаларнинг муносабатини ҳам ўрганишни талаб қилди.

Шуҳрат Зокиров, бастакор:

— “Жавоб бер” қўшиғидаги тоналлик, гармониядаги баъзи қисмлар “Морена”га ўхшаган бўлиши мумкин. Қўшиқнинг нақорат қисми мелодияси умуман бошқа. Санъаткор бирор қўшиқдан илҳомланиб буткул янги қўшиқ яратиши мумкин. Бироқ бу қўшиқ нариги қўшиққа қанчалик ўхшаб қолиши ёки ўхшамаслиги аранжировкачининг маҳоратига боғлиқ. “Жавоб бер”нинг “Морена”га ўхшаган жойлари бор, лекин буни ўғирлик деб айтиш қийин.

— Сиз таъкидлагандек илҳомланиб янги асар яратишнинг зарари йўқ. Лекин мусиқа муаллифи Сарвар бу қўшиқдан илҳомланмаганини, қўшиқлар бир-бирига умуман ўхшамаслигини айтяпти. Сиз бунга қандай қарайсиз?

— Билмадим, бу борада бир нарса деёлмайман. Ҳар кимнинг ўз виждонига ҳавола. Бу қўшиқни 100 фоиз плагиат деб айта олмайман. Дунё шоу-бизнесида бир-бирига ўхшаш қўшиқлар жуда кўп. Тоналликнинг бир хиллигига келсак, аёлларда тоналлик кўпинча бир-бирига яқин туради, бу балки тасодифдир. Фикримча, “Жавоб бер” билан “Морена”нинг ўртасида 50 фоиз ўхшашлик бор.

Игорь Пинхасов, Ўзбекистон бастакорлар уюшмаси аъзоси:

— Мен икки қўшиқни ҳам синчковлик билан эшитиб кўрдим. Аранжировкада ва баъзи оҳангларни қўллашда ўхшашликлар бор. Райҳоннинг қўшиғида ҳам, Том Боксернинг қўшиғида ҳам қўшиқнинг соло қисми роялда чалинган. Бундан ташқари, фон учун қўлланилган баъзи овозларда ҳам ўхшашлик бор. Бироқ қўшиқнинг мелодияси ва гармониясида ўхшашликни топмадим. Шундай бўлса-да тингловчи учун қўшиқларда ўхшашлик бордек туюлади. Менимча, бу қўшиқларни тўғридан-тўғри солиштирсак иккиси бир-биридан фарқ қилади. Қўшиқни куйлаш услуби Райҳонда шарқона, Том Боксерда ғарбга хослик сезилиб туради. Мелодиянинг ҳаракатиланишида ҳам ўхшашлик йўқ. Қўшиқнинг ритми ҳам фарқ қилади. Икки қўшиқ ҳақидаги хулосамга келсак, мен “Жавоб бер” ва “Морена” ўртасида 10-15 фоиз ўхшашлик бор деб айта оламан.

Ахмед Мустафоев, хонанда ва бастакор (Озарбайжон):

— Агар бирор қўшиқни бастакор ва хонанданинг рухсати билан, ҳеч қандай ўзгаришсиз, ўз ҳолича куйланса, плагиат бўлмайди. Лекин, Ўзбекистонлик хонанда Райҳон Ғаниеванинг “Жавоб бер” номли қўшиғида плагиатга йўл қўйилган. Қўшиқни ўзгартирмасдан, асл ҳолатида куйланишига эътирозим йўқ. Бу хонанданинг қўшиғини эса очиқ-ойдин плагиат деб айта оламан.

— Ўзбекистонда ҳам сизнинг қўшиқларингизни куйлашган, хабарингиз борми?

— Ҳа, бундан олдин Ўзбекистонлик хонандалар менинг қўшиқларимни ҳам рухсатсиз айтиб чиқишган. Ўтган йили қўшиқчилар Баҳодир Низомов ва Мадина Мумтоз “Сан дема” номли қўшиғимни куйлаш таклифини билдириб, мен билан боғланишди ва рухсатимни олишди. Санъаткорлар бировнинг меҳнатидан ўғринча фойдаланмай, муаллифнинг рухсатини олишлари энг тўғри йўл деб биламан.

Бастакорларнинг фикрларини ўрганиб, “Жавоб бер” қўшиғининг муаллифи Сарвар Азимовга юзландик.

Сарвар Азимов, “Жавоб бер” қўшиғининг аранжировкаси муаллифи:

— Мусиқада 7 та нота бор. Ана шу 7 нотадан фойдаланиб катта-катта асарлар яратилади. Шу нуқтаи назардан мусиқий асарларда ўхшашлик кузатилади. Одамларнинг ҳам ташқи қиёфаси бир-бирига ўхшаш бўлади. Бирор одамни кимгадир ўхшатамиз, ёнимиздаги шеригимиз эса аксинча, умуман ўхшатмайди. Кўзимиз билан кўриб турган нарсаларимизга ҳам икки хил одам, икки хил муносабат билдиради. Қўшиқларга келсак, улар услубий жиҳатдан бир-бирига ўхшаши мумкин. Лекин қўшиқнинг куйи, ноталар кетма-кетлиги буткул фарқ қилади. “Морена” қўшиғида ҳам пианинодан фойдаланилган экан. Унда очиқ жарангдор роял ишлатилган бўлса, “Жавоб бер”да ёпиқ жарангсиз пианино чалинган. Айнан пианиноларни овозини ўхшатишларини хато деб ўйлайман. Дуёда жуда кўплаб қўшиқлар пианино билан ижро этилган. Бу чолғу асбоби айнан “Морена”да ишлатилгани учун Райҳоннинг қўшиғида ишлатмасликка ҳаққимиз йўқ.

— Гармонияда ўхшишлик жуда юқори деган фикрга қандай қарайсиз?

— Мен бу фикрга жуда қаршиман. Мусиқа мактаблари ёки олий ўқув юртларида ўқиётган талабалар, дарс бераётган ўқитувчилар “Морена”ни синчковлик билан эшитиб кўришсин. Бу қўшиқда иккита аккорддан фойдаланилган. Гармония тарафдан бизнинг қўшиғимиз жуда бой. “Жавоб бер”да 8 хил акорд ишлатилган. Уларни тоналлиги бошқа, бизнинг қўшиқдаги тоналлик умуман бошқа.

— Профессионал бастакорлар айнан қўшиқларнинг тоналлиги бир хиллигини айтишмоқда.

— Биласизми, тоналликни аниқлаш учун пианинода чалиб, “Жавоб бер”ни эшитиб кўриш керак. Ҳалигача мутлоқо тўғри эшитиш қобилиятига эга бўлган одамлар бармоқ билан санарли. У ҳам бўлса аутизм касаллиги билан хасталанган ёки даун синдромига чалинган болалар. Улар девордаги тиқ этган товушнинг ҳам қайси нотадалигини айтиб бера олади. Манаман деган мусиқачида ҳам мутлақо тўғри эшитиш қобилияти йўқ. Қолаверса хориждаги бирор қўшиқни шундоқ кўчираётганлар ҳам бор. Биз бунга доим қарши бўлиб келганмиз. “Беном” гуруҳининг ижодида хориждан кўчирилган қўшиқ бўлмаган.

Ҳозир интернетда youtube.com сайти ривожланган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниевага ёзиб берган “Парвоз этай” номли қўшиғимизни ҳам Бруно Марснинг “Гренаде” номли қўшиғидан кўчирилган, деб youtube’дан олиб ташланди. Сўнг биз бу қўшиқ ўғирланмаганини исботлаб бердик ва яна клип youtube’га қўйилди. Агар “Жавоб бер” “Морена”га ўхшаган бўлганда youtube.com маъмурияти бу қўшиқни аллақачон ўчириб юборган бўларди. Агар қўшиқни кўчирган бўлганимизда ҳа кўчирилган деб тан олардим ёки Райҳон шуни хоҳлади, деб бор айбни Райҳонга юклардим.

Яқинда Россиялик хонанда Ёлка билан ҳамкорликда қўшиқ яратдик. Қўшиқ қайсидир хориж қўшиғига ўхшайди деган тахминлар бўлгани учун экспертларнинг жавобини кутяпмиз. Россияда бирор қўшиқ бошқа қўшиққа услубий жиҳатдан озгина ўхшаб қолса ҳам рухсат берилмайди. Ишонч билан айтаманки, ўша қўшиқ ҳам кўчирилмаган. Сайтингизда чоп этилган мақолада хонанда Жасур Ғоиповнинг “Сенсиз” номли қўшиғи ҳам Энрике Иглесиаснинг “El perdedor” қўшиғига ўхшайди дейилган. Бу қўшиқни Жасур Ғоиповга биз ёзиб берганмиз. Ўша қўшиқни топганингизга қойил қолдим. Бироқ бу қўшиқ плагиат ҳисобланмайди. Чунки у қўшиқдаги ноталар умуман бошқа. Жасур Ғоипов “Шу қўшиқдан жуда илҳомландим, қўшиқ жуда ёқди. Шу йўналашида қўшиқ ёзиб беринглар. Агар имкони бўлганда қўшиқни шундайлигича айтардим”, – деган эди. Бу нотўғри, плагиат бўлиб қолади, яхшиси сизга шунга ўхшаш бошқа қўшиқ ёзиб берамиз, деб “Сенсиз”ни ёзиб берган эдик. Тўғри, икки қўшиқнинг услуби, йўналиши, мусиқа чалиниши бир хил. Ўша қўшиқнинг гармониясида бироз ўзгаришлар бўлиши мумкин, лекин Энрике Иглесиаснинг қўшиғи билан деярли бир хил. Шунинг учун ҳам бу қўшиқ плагиат дейилиши нотўғри. Чунки Жасур Ғоиповнинг ўзи биздан шуни сўраган.

Тажрибали бастакорлар ва қўшиқ муаллифи Сарвар Азимовнинг фикрларини эшита туриб хонанда Райҳоннинг ўзи нега жим, балки унинг айтар гапи бордир деган ўй ҳаёлимиздан ўтди. Райҳоннинг маъмури билан боғланганимизда Райҳон айни дамда концертга тайёргарлик ишлари билан бандлиги, жавоб беришга вақти йўқлигини маълум қилди. (!)

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси раҳбарияти ўтган йиллардаги йиғилишларда агар ўзбек хонандалари хорижий қўшиқларни кўчириб куйлаб чиқгудек бўлса, қўшиқлар радио ва ТВ эфирларида берилмаслигини маълум қилган эди. Айтилган гап, отилган ўқ дейишади. Бироқ бу борада “Ўзбекнаво”нинг аниқ тўхтамга келганини сезганимизча йўқ. Қизиқ, буёғи нима бўларкин? 2016 йилда хориждан ўғирланган қўшиқларни куйлаб юрганларга нисбатан чора кўрилармикин? Хўш, “Ўзбекнаво” нега сукут сақлаяпти? Ҳолбуки, йил бошидан қанчадан-қанча ўхшаш қўшиқлар рўйхатини тақдим этган эдик. Натижа қани?
 
Мақсадимиз кимнингдир номини ёмонга чиқариб, ўғирликда айблаш, унинг фаолиятига зарар етказиш эмас. Аксинча, ўзбек санъатининг бой тарихий меросини сақлаб қолиш, хорижий қўшиқларни ўғирлаб куйлашга йўл қўймаслик... Бунинг учун ОАВлар, мухлислар бир ёқадан бош чиқарсак ўзбек санъаткорларининг юзига “ўғри” тамғаси босилишини олдини олган бўламиз. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Райҳон Ғаниеванинг “Жавоб бер” ҳамда Том Боксер ва Антониянинг “Морена” номли қўшиқларини тинглаб, ўзингиз бир хулосага келарсиз.
 

Теглар:Райҳон Ойдин Абдуллаева Игорь Пинхасов Шуҳрат Зокиров Ахмед Мустафаев Жавоб бер Том Боксер Морена Ўзбекнаво Сарвар Азимов Беном 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар

Жамшид
21:23 04.02.2016

Нахотки тингловчиларни шунчалик оми деб хисоблашса!!! Бу бизга нисбатан ута хурматсизликку, хар бир нарсанинг охири булиши керак!!!


Мурод
11:31 26.01.2016

Райхонни кушик угирлаши бу янгилик эмас. Узида умуман идея йук кушикчини (именно Райхонни) бунчалар олкишларини сабабларини умуман тушунмайман. Даже постерлари хам шунчалар ёкимсиз.... Халкни нима кераги бор хар канака булмагур исполнителлар билан онгини пастга уриш. И качонгача бирорта назорат органи бунга бефарк караши мумкин..?


mmm
10:38 25.01.2016

chetdan qo'shiq o'g'irlasangiz ham sizni intonatsiyangiz juda yoqadi Rayhon sizni kiyinish uslubingiz sochlaringiz jilosiga gap yo'q ko'z tegmasin


Қўчқорбек
09:58 25.01.2016

Булар кўчирмиди чет эл хонандалари кўчиради. Аслида улар кўчирмачи.


Doniyor
17:14 23.01.2016

umuman o'xshamidi.shu gappi etganla bir qo'shiqqi bitma bit terib chiqishsin bu kotta mehnat ku.benomdi bollay farishtamas aybligi chet el estradasidan tasirlanib yaratishadi shulalani.bu o'xshamidi lekin shahzodani to'kilib to'kilib qo'shig'i aniq tekyero tekyero qo'shig'ini kopiyasi



Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!