...
МЕНЮ
ONLINE TV

Танасидан 16 та игна топилган бола тақдири не кечди?


09:58, 14.03.2018 Жамият
 9 990

Азизбекнинг онаси фарзандининг безовталиги, инжиқлигидан хавотирга тушиб ўзи яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.

Аввалроқ, Фарғона вилояти Тошлоқ туманида исиқомат қилучи Азимжон Худойбердиевнинг ўғли 11 ойлик чақалоқ Азизбек Абдумажидовнинг танасидан 16 дона игна топилгани ва бу ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилингани ҳақида хабар берган эдик. 

Бугун, 14 март куни Азизбек соғайиб уйига қайтди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати “Qalampir.uz”га хабар қилди.

Маълум қилинишича, Азизбекнинг онаси фарзандининг безовталиги, инжиқлигидан хавотирга тушиб ўзи яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасасига мурожаат қилган.



Дастлабки текширувларда унинг томоғи шишгани, иситмаси борлиги туфайли шамоллаш ташхиси қўйилган.

Бироқ боланинг аҳволи ўнгланавермагач, унда рентген текшируви ўтказилган ва танасида игна борлиги маълум бўлган.

Бола ва унинг онаси зудлик билан Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига келтирилди. Жорий йилнинг 17 январь куни операция қилинди. 9 соат давом этган операцияда 10 га яқин шифокорлар иштирок этди ва боланинг танасидан 13 та игна чиқариб олинди.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази болалар хирургияси бўлими шифокори Дониёр Асадуллаев ушбу амалиёт жараёнини қуйидагича изоҳлади:
“Игналар бола танасида турлича жойлашган эди. Чақалоқнинг йўғон ичаги, сийдик қопи, кўкрак қафаси, бўйин қисми, умуртқа поғонаси, юрак остидан топилган игналар болани икки ойча қийнаган.

Бу операция тиббиётда камдан-кам учрайдиган оғир ва нозик амалиётдир. Бола операциядан кейин бир неча кун кома ҳолатини бошидан кечирди. Шифокорлар унинг ҳаётини асраш учун бор имкониятни ишга солди. Шундай мураккаб шароитда бемор ҳаётининг асраб қолиниши тиббиётимизнинг ўзига хос салоҳиятидан далолат, десак муболаға бўлмайди. Айни пайтда, бола вужудида 3 та игна унинг ҳаётига хавф солмайдиган жойларда турибди. Тиббий таҳлилларга кўра, ҳозирча ушбу игналарнинг бола соғлиғига салбий таъсири мавжуд эмас. Агар у болани безовта қилса, келгусида операция йўли билан олиб ташлаш мумкин. Азизбек уйига қайтгач, ҳудудий шифокорлар назорати остида бўлади”. 
 
Ҳозирча бола танасига игналар қандай тушиб қолгани ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ. Шифокорлар 11 ойлик чақалоқ ҳеч қачон бунча кўп металлни ютиб юборолмаслиги, қизилўнгач ва ошқозонда ҳеч қандай жароҳат аломати йўқлигини қайд этишди.

Азизбекнинг онаси Шоҳсанам Болтабоева ва отаси Азимжон Худойбердиев фарзандининг соғ-омон бағрига босиш бахти насиб этганидан бениҳоя мамнун эканини билдирди:

“Азизбек тилаб-тилаб олган яккаю ёлғиз зурриётимиз, турмуш қурганимиздан кейин орадан қарийб беш йил ўтиб фарзандли бўлган эдик. Шукрки, уни яна соғ-омон бағримга босишга мушарраф бўлдим. Бунинг учун шифокорлардан бениҳоя мамнунман. Улар икки ой мобайнида боламнинг ҳаёти учун ҳеч нарсани аяшмади. Уларнинг яхшиликларини ҳеч қачон унутмайман”, дейди Шоҳсанам Болтабоева.
Икром Раҳмон

Теглар:Азизбек шифокор игна 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз қайси яхна ичимликларни ичасиз?

Барча сўровлар