Сузук ота ким бўлгани, у киши кимнинг авлоди эканлиги ва ҳаётида қандай ишлар билан шуғуллангани тарих китобларида батафсил ёзилган.
Тарих фанлари доктори Шоҳистахон Ўлжаева ўзининг Facebook’даги “Ўзбекистон тарихи” гуруҳида ёзган постида Сузук ота ҳақида маълумот бериб ўтди.
Унга кўра, Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, 1140 йилда таваллуд топган.
У киши Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳари Ҳуштожнинг кенжа ўғли бўлган.
Сузук ота ҳунармандларнинг устози, юзлаб шогирдларга илм бериб, ҳалол меҳнатга ўргатган зотдир.
Болалик чоғида бобоси у кишини эркалаб, “Менинг сузигим (суюклигим), хуш келдингиз!”, дегани боис атрофдагилар ҳам шу исм билан чақира бошлаган.
1363-1364 йилларда Амир Темур Яссавийнинг набираси Сузук ота қабри устида мақбара ва масжид бунёд эттирган.
Унинг вафотидан сўнг усталар маҳалласи Сузук ота номи билан атала бошлаган.
Мақбара Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманида жойлашган.