“Сен ёлғиз эмассан” хайрия жамғармаси раиси, Ўзбекистоннинг ЮНЕСКОдаги доимий вакили, Ўзбекистон гимнастика федерациясининг президенти Лола Каримова-Тилляева спортчиларни ижтимоий тармоқ орқали табриклади.
“Суратда: ўзбекистонлик спортчи-полвонларимиз Ҳамза Примов (чап тарафда), ва Сергей Трубицин (ўртада). Куч экстрими бўйича ўзбекистонлик спортчи-полвонларимиз 20-21 август кунлари Гонконг шаҳрида ўтказилган “Arnold Classic Asia – 2016 Hong-Kong” Халқаро спорт фестивалида иштирок этиб, тош кўтариш ва баҳодирлар мусобақаларида ғалаба қозондилар. Ватанимиз шарафини Сергей Трубицин (174 кг) ва Ҳамза Примов (130 кг) ҳимоя қилиб олтин ва кумуш медалларни қўлга киритдилар.
Осиёда илк бор ташкил этилган мазкур мусобақаларнинг “Arnold Strongman Classic” беллашувларида Австралия, АҚШ, Буюк Британия, Гонконг, Малайзия, Ирландия, Сингапур, Таиланд, Филиппин, Хитой ва ўзбекистонлик спортчилар энг кучли полвон номи учун кураш олиб бордилар.
Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ўзбекистонлик полвонлар энг оғир – 105 кг вазндан юқори бўлган спортчилар тоифасида қатнашдилар ва барча босқичлардан энг юқори кўтсатгичларга эришиб, рақибларини ортда қолдирдилар.
Instagram’даги постларимдан бирида мазкур спорт турини Ўзбекистонда ривожлантириш йўлида турмуш ўртоғим Темур Тилляев томонидан амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар хусусида тўхталиб ўтган эдим. Шу сабабдан ҳам полвонларимиз ғалабаси биз учун жуда қадрлидир. Спортчиларимизни чин дилдан ғалаба билан қутлайман ва келажакдаги мусобақаларда ҳам уларга улкан зафарлар тилаб қоламан”, деб ёзади Лола Каримова-Тилляева.