...
МЕНЮ
ONLINE TV

Сурияга ютқазмаслигимиз ҳам мумкин эди, агар...


15:28, 24.03.2017 Спорт
 16 931

Балки таркибни бутунлай ўзгартириб, терма жамоадаги муҳитни янгилаш пайти келгандир. Эҳтимол Самвел Бабаянни четлатиб, ўрнига мураббий тайинлаш лозимдир.

Ўзбекистон терма жамоаси Суриядан мағлубиятга учради. Бу ҳақда ортиқча гапириб, дардингизни янгилаш фикридан йироқмиз. Фақат футболимизнинг оқсаётгани хусусида икки оғиз гап ёзамиз. Аслида айб кимда? Нимани ёки кимни ўзгартиришимиз керак? Шу тўғрисида гаплашамиз. Аввало, рақибларимиз ва ўша мамлакатлардаги вазиятдан бошлайлик.
 
Сурияда 6 йилдан бери уруш бўлади. Шу кунгача мамлакатда деярли аҳоли қолмаган. Кўпчилиги вафот этган, аксарияти бошқа давлатларга қочиб кетган. Қолганлари ҳам ёш болалар ва кексалар. Албатта, уларга раҳмимиз келади. Иложи бўлса, Сурия термасини тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига олиб чиқиш керак. Ўша ерда ҳам уларга кимдир шафқат қилиб, ютқазиб берар. Ҳеч бўлмаганда “битта-битта марожни” еб келишарди. Балки футболчиларимиз айнан шу мақсадда мағлубиятга учрашгандир.
 
Йўқ! Сурияликлар ўзларини таҳқирлашга йўл қўйишмаяпти. Ҳатто футбол бўйича бўлса-да, буни яхшигина эплаяпти. Бизга раҳмингиз келмасин, яхшиси, ўзингизни ўйланг, деётган бўлиши ҳам мумкин. Буни миллий ғурур, орият учун кураш дейишади.
 
Ёки Эрон терма жамоасини олайлик. Ҳозирда АҚШ томонидан Эронга нисбатан жиддий хавфлар кузатилмоқда. Дональд Трамп гарчи Наврўз билан табриклаган бўлса-да, эронликларни АҚШга киритмаслик бўйича алоҳида фармон ҳам имзолаганди. Аслини олиб қараса, улар уввос солиб йиғлаб, уйидан чиқмай ўтириши керак. Лекин футболчилари ўзларининг миллати учун жонини бериб, бутун дунёга ҳеч кимдан кам эмасликларини исботламоқда. Уларга раҳмимиз келмасин, чунки бизга шафқат қилишмайди.
 
Қўшни гуруҳга ўтсак, Ироқ ҳам худди юқоридаги жамоалар каби ночор аҳволда. Мамлакатда деярли ҳар куни портлаш, отишма, уруш. Лекин кеча Австралия билан дуранг ўйнади, уларнинг ЖЧдан ҳам қуруқ қолишига сабабчи бўлишлари мумкин. Хўш, австралияликлар ироқликларга раҳм қилдими? Йўқ, ўзлари меҳрга зор ҳозирги ҳолатда, чунки улардан кейинги ўринда бораётган яна бир араб мамлакати БАА кучсиз эмас.
 
Қатар ва Саудия Арабистони ҳақида ҳам шу каби илиқ фикрларни билдириш мумкин. Тўғри, бу сиёсат, бироқ футбол сиёсатдан холи эмас. Айни пайтда мамлакатларнинг нуфузи ва ютуғини белгилаб турувчи спорт турларидан бири. Ахир юртимизни спортчалик дунёга тез танитишнинг янги усули аниқланмади ҳозирча.
 
Ўзбекистонимиз тинч, халқимиз фаровон, спорт соҳасида етарлича ютуқларга эришяпмиз. Ахир булар Ватанимизда спортга ажратилаётган маблағлар самараси эмасми? Болалар спортига алоҳида эътибор берилмоқда. Ҳатто янги Давлат спорт қўмитаси ташкил этилди. Ўтган йилги Рио олимпиадасидаги муваффақиятларимизнинг ўзиёқ фикримизни исботлай олади. Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ҳамиша таъкидлаган: “Биз ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмаймиз ҳам!”. Бу баландпарвоз гап эмас, айниқса, спорт соҳасида. Хўш, айтинг-чи, кимдан қаеримиз кам?
 
Футболга ҳам керакли шароитлар қилиб берилган. Ҳеч нолийдиган жойимиз йўқ. Ҳукумат томонидан ажратилаётган миллионлар туфайли футболчиларимиз (барча турдаги терма жамоаларимиз) хорижда йиғин ўтказишмоқда, ўртоқлик ўйинларида майдонга тушишяпти. Қанчадан-қанча легионерларимиз бор, чет элма-чет эл тўп тепиб юришибди. Лекин терма жамоадаги натижага келганда... Қизиқчилар айтгандек, “боксга мухлислик қилишимиз” керакмикан ёки?! Давлатимиз бекордан-бекорга пул сарфламаётгандир, унинг ҳам жавоби, самараси бўлиши шарт ахир.
 
Хўш, унда нима қилиш даркор? Балки таркибни бутунлай ўзгартириб, терма жамоадаги муҳитни янгилаш пайти келгандир. Эҳтимол Самвел Бабаянни четлатиб, ўрнига мураббий тайинлаш лозимдир. Ёки ўзбек футболи тизимини қайтадан кўриб чиқиб, тегишли мутасаддиларга чоралар қўллаш мумкин. Ҳукумат пулини тўғри тақсимлай олмаётган амалдорларимиз бордир балки. Йўли кўп. Бурнимиз тагидаги, ҳаммаси ўз қўлимизда бўла туриб, эплолмаётган ишимиз — ЖЧга чиқиш вазифасини бу гал ҳам уддалай олмаслигимиз тобора ойдинлашмоқда!
 
Нимадир қилиш керак!
Бобур Жалолов

Теглар:Самвел Бабаян Ўзбекистон МТЖ ЖЧ-2018 Футбол 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!