...
МЕНЮ
ONLINE TV

Страсбургда отишма. Қурбонлар бор


12:21, 12.12.2018 Олам
 2 555

Отишма натижасида 2 киши вафот этиб, 11 кишининг жароҳат олганлиги айтилган.

Кеча, 11 декабрь куни Франциянинг Страсбург шаҳрида номаълум қуролланган шахс томонидан отишма содир этилди. Дастлабки маълумотларга кўра, отишма натижасида 2 киши вафот этиб, 11 кишининг жароҳат олгани айтилганди. Кейинчалик, BFMTV телеканали қурбонлар сони 4 тага етганлигини маълум қилди.
 
Маълумотларга кўра, отишма содир этган шахс қочиб кетишга уринган. Аммо, у “Sentinelle” террорчиликка қарши операцияси ҳарбий ходимлари билан бўлган отишмада яраланган.
 
Франция Ички ишлар вазирлиги шаҳарда “жамоатчилик хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий ҳодиса” рўй берганлигини эълон қилди. Ҳуқуқ ҳимоячилари маҳаллий аҳолини ўз уйларидан ташқарига чиқмасликка чақирмоқда.
“France Info”нинг хабар беришича, полиция шаҳар марказидан аҳолини эвакуация қилган. Шифохоналарда эса теракт ва фалокат вақтида амал қилиниши лозим бўлган фавқулодда ҳолат фаоллаштирилди.
 
Айни пайтда Страсбург шаҳри маркази ёпиқ ҳолатда, автобус ва трамвай ҳаракати тўхтатилган. Шунингдек, Европарламент биноси ҳам ёпилди, депутат ва ходимларга кўчага чиқмаслик тавсия этилмоқда.
 
Отишма ҳар йили дунё бўйлаб минглаб иштирокчиларни ўзига жалб қилувчи шаҳарнинг анъанавий рождество ярмаркасига яқин жойда содир этилди.
 
Маҳаллий ҳокимият идоралари Twitter саҳифаларида воқеа тафсилотларини ошкор қилмай, халқни турли миш-мишларни тарқатмасликка ва хотиржам бўлишга чақирмоқдалар. Ўз навбатида, “Figaro” газетаси эса тажовузкор автомат қуролидан ўт очган эркак киши бўлганлигини таъкидламоқда.
 
“France Info”да маълум қилинишича, қуролланган шахс давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи жиноятчи сифатида аввалдан полиция рўйхатида бўлган. У қуролли ҳужумда айбланиб, қамоққа ҳукм қилинган.
 
Dernieres nouvelles d'Alsace (DNA) порталининг айтишича, қотилни ушлаш бўйича Нойдорф туманида ўтказилган операция ҳам кутилган натижани бермади.
 
Париж прокуратурасининг терроризмга қарши кураш бўлими мазкур ҳодиса бўйича тергов бошлади.
Феруза Ходжаева

Теглар:Франция Страсбург Отишма 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!