...
МЕНЮ
ONLINE TV

Стадионда тарқатиладиган бепул совғалар яна талаш бўладими?


17:36, 21.04.2018 Спорт
 4 451

Эслайсизми? Ўтган йил Ўзбекистон кубоги финалида мухлислар “Бунёдкор” стадионининг майдонига текин совға олиш мақсадида югуриб чиққан эди.

Маълумки, Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва Профессионал футбол лигаси раҳбарияти стадионларга янада кўпроқ футбол мухлисларини жалб қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
 
Жумладан, Суперлиганинг 10-тури ўзига хос кичик юбилей тур ҳисобланади. Яъни 10-турда стадионларда ҳақиқий футбол байрами ташкил қилиш, мухлисларга янада кўпроқ қулайликлар яратиш мақсадида бир қатор қизиқарли янгиликлар йўлга қўйилади.
 
Аниқроғи, 10-турда бўлиб ўтадиган 6 стадионнинг ҳар бирида ўйинни томоша қилиш учун келган мухлисларга Суперлига титул ҳомийси “Pepsi” компанияси томонидан бепул салқин ичимликлар тарқатилади.
 
Шунингдек, ўйинлар бошланиши олдидан эстрада юлдузлари иштирокида қизиқарли шоу-дастурлар намойиш қилинади.
 
Cтадионларга оилавий ташриф буюрадиган мухлислар ва жажжи болакайлар учун бир қатор қизиқарли аттракционлар, турли совринли ўйинлар ташкил қилинади. Велосипед ва роликлар ижараси йўлга қўйилиб, ўйин бошлангунга қадар мухлислар улардан фойдаланишлари мумкин бўлади.
 
ЎФА томонидан 10-турнинг ҳар бир ўйинига 2 мингтадан чипталар бепул мухлисларга тарқатилади.
 
Суперлига учрашувларини томоша қилиш учун стадионларга борган мухлислар шу куни маза қилиб ҳордиқ чиқаришлари, вақтлари чоғ ўтказиб, қизиқарли курашларга бой чемпионат ўйинларини томоша қилиш имкониятига эга бўлади.
 
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил Ўзбекистон кубоги финал ўйинидан сўнг футболчилар мухлисларга тўп тарқатишганди. Айнан ўша куни стадионга йиғилган 30 мингдан зиёд мухлисларнинг 1000 яқини шу тўпларни ўзиники қиламан дея майдонга югуриб чиққан. Натижада “Бунёдкор” стадионида оммавий тартибсизлик ҳолати кузатилиб, мухлислар ИИББ ходимлари томонидан майдондан чиқарилганди.
Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Суперлига 10-тур Pepsi 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!