Кўп йиллар давомида солиқ юкининг юқори бўлгани мамлакатда “хуфиёна” иқтисодиёт улушининг ортиб кетишига шароит яратди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур масалани минбардан туриб очиқ гапирди. Давлат раҳбари мамлакатдаги тадбиркор муҳитига эътибор қаратаркан, инвестицияларни кўпайтиришга ва хорижий сармоядорларни янада кенгроқ жалб этишдаги муаммоларни санади.
“Конституциямизда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик эркинлиги, барча мулк шаклларининг тенглиги ва давлат томонидан бирдек муҳофаза этилиши кафолатланган. Лекин, иқтисодиётда давлат аралашувининг юқорилиги ва бюрократия, солиқ, божхона ҳамда банк тизимидаги мавжуд муаммолар ички инвестицияларни кўпайтиришга ва хорижий сармоядорларни янада кенгроқ жалб этишга ҳали ҳам тўсиқ бўлиб келмоқда”, дейди Президент.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда кўп йиллар солиқ юкининг юқори бўлганини айтди. У “хуфиёна” иқтисодиёт масаласини ҳам кўздан қочирмади.
“Машҳур хитой файласуфи Сунь Цзининг ҳикматли бир гапи бор:“Солиқларни ҳаддан зиёд кучайтириш турли талон-тарожликни келтириб чиқаради, душманларнинг бойишига хизмат қилади, оқибатда, давлат инқирозга учрайди”.
Кўп йиллар давомида солиқ юкининг юқори бўлгани мамлакатда “хуфиёна” иқтисодиёт улушининг ортиб кетишига шароит яратди.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, биз авваламбор иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясини қабул қилдик. Бу концепция устида биз узоқ ишладик. Мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатимиз жамоатчилиги, бизнес ҳамжамияти, халқаро молиявий ташкилотлар, нуфузли экспертлар томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди.
Концепция асосида солиқ сиёсатида муҳим ўзгаришлар жорий қилинмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар учун ҳозиргача амал қилиб келган энг юқори 22,5 фоизлик даромад солиғи ставкаси ўрнига 12 фоизлик ставка белгиланди, 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинди.
Бизнес ҳамжамияти учун энг оғир ҳисобланган ягона ижтимоий тўлов ставкаси илгариги 25 фоиз ўрнига 12 фоиз этиб белгиланди.
Бюджетдан ташқари пенсия, йўл ва таълим бўйича мақсадли жамғармаларга 3,2 фоиз миқдоридаги мажбурий тўлов бекор қилинди.
Божхона тўлов ставкалари қайта кўриб чиқилиб, 3,5 мингга яқин товарлар бўйича бож миқдори ва 800 га яқин товарлар бўйича акциз солиғи ставкалари камайтирилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар учун хомашёларга, шунингдек, асбоб-ускуна ва техникаларга нисбатан давлат божи олинмайдиган бўлди.
Тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини режали текшириш бекор қилинди. 138 та лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ талаблар соддалаштирилди, уларнинг 42 таси бутунлай тугатилди.
Тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини ажратишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тизимдаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди.
Мулк эгасига зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмагунча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди.
Инвестор ва тадбиркорларга етказилган мулкий зарарни тўлиқ қоплаб бериш тартиби кафолатланди”.
Президентга кўра, келгуси йилдан бошлаб тадбиркорларни маҳсулотлар, иш ва хизматларни экспорт қилишда фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод этиш назарда тутилмоқда.