2010 йилдан сўнг бу даргоҳдан одам оёғи узилди, йирик савдо маркази хувиллаб қолган эди...
Бугун, 15 ноябрь куни собиқ “Turkuaz” — Тошкент савдо маркази сифатида янгидан иш бошлади. Очилиш маросими муносабати билан тантанали тадбир ташкил этилди.
Савдо мажмуадан маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари дўконлари ўрин олган. Биринчи қаватда маиший техникалар сотиладиган муҳташам дўконларга дуч келасиз. Юқориги қаватларда эса катталар ва болалар кийимлари ҳамда уй жиҳозлари дўконлари жойлашган.
Сўнгги йилларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларига талаб юқори. Буни дўконлар пештахталаридан ўрин олаётган маҳсулотлардан ҳам билиш мумкин.
Бугунгача Туркия, Хитой, Корея каби мамлакатлар либослари трендда бўлган бўлса, айни дамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган кийим-кечаклар хорижникидан фарқ қилмаяпти. Нархи ҳам ҳамёнбоп.
Тошкент савдо марказида бўлиб, “Ўзбекенгилсаноат” АЖнинг ўзимизда ишлаб чиқарилган эркаклар либослари дўконига бош суқдик. Юқорида таъкидлаганимиздек, дизайни ва сифати билан хориж маҳсулотларидан фарқ қилмайдиган либослар маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларига бўлган қизиқишни орттирмоқда.
2016 йил 5 октябрда имзолаган “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони тадбиркор фаолиятини янги босқичга кўтарилишига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка яратиб берилаётган кенг имкониятлар самараси ўлароқ Ўзбекистон импортнинг асосий нуқтаси эмас, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлари билан дунё бозорига айланишига оз қолди.