10-15 йиллар олдин ҳамма уйга ашнақа газ берилганди. Бизам ёққандик, эсимда. Лекин негадир ғойиб бўлди, изиям қолмади.
Уйига етганда овозимни баланд кўтариб, чақирдим. Чилла якунланиб, қалин қор пағалаб ёғиб берган пайт. Чол невараси билан қор кураяпти. Мени танидию, дарҳол ишини ташлади. Неварасига кўк чойга буюртма бериб, таниш уйга бошлади.
— Мана, отахон, сиз билан суҳбатимизни газетада босишди. Сизгаям обкелдим. Шундан кейин кўплаб қўнғироқлар бўлди, хатлар олдик. Кимлигингизга қизиқиб қолишди муштарийлар.
Чол газетани эринмасдан варақлади, гапларимни ҳам тинглашни унутмади. Орада “ҳм”, деб турди. Кейин тиришган манглайи ёйилиб, лабига нимтабассум югурди.
— Ҳа яхши, газитчи болам. Баракалла! Бўларкану! — газетани тахлаб, тўшак ёнига қўйди. — Энди кимлигимни билмай туришгани маъқул. Сен тағин у-бу нарса ёзгани келдинг, шекилли...
— Сезгирсиз, ота. Бу сафар ҳам оғриқли бир муаммо ҳақида суҳбатлашсак, дегандим.
— Нима экан у? — отахон пиёлага чой қуйиб, менга узатгач, ўзи ҳам ҳўплади.
— Газ масаласи-да, ота.
Чол чой ҳузуридан бирпас кўзини юмиб турди, сўнг бир кўзини очиб, менга қаради, қоши ҳам чимирилди.
— Қанақа газ? Болам, мошинаники бўлса, мен минмайман.
— Автомобилга солинадиган газмас.
— Заправка ҳақидами? Униям мендан сўрама.
— Йўқ, у ҳам эмас.
— Ие, газ баллонларни айтяпсанми? Бизникида йўқ, ана, ён қўшнимиз Холматларда бор, ашяққа обчиқайми?
— Йўқ, ота, ҳар бир хонадонда ёқиладиган, кунлик турмуш эҳтиёжлари учун ишлатиладиган газни назарда тутгандим.
Чол қаншарини қашлади, бир чеким нос отди. Менга узоқ вақт тикилиб турди. Чамамда, носнинг ҳузурини оляпти, деб ўйладим. Кейин аста гап бошлади.
— Адашмасам, 10-15 йиллар олдин ҳамма уйга ашнақа газ берилганди. Бизам ёққандик, эсимда. Лекин негадир ғойиб бўлди, изиям қолмади. Турбаларини одамлар сотворди, ишлатворди. Бекар ётгандан кейин нимаям қилишсин. Ашинчун бу масалада сенга бир нима деёлмайман, болам.
Бу гапдан сўнг газ ҳақида тузукроқ материал ёзиш фикри ўз-ўзидан йўқолди. Тўғри-да, бор нарса бўлса, муаммо кўринади. Йўқ нарсага муаммо қайдан келсин? Отахон билан хайрлашиб, якшанба куни яна келишимни айтдим. Бошқа муаммо топаман, дедим. Шу билан шаҳарга қайтдим...