...
МЕНЮ
ONLINE TV

Симпилислик отахон билан “Милён” ҳақида суҳбат (ҳажвия)


12:29, 12.05.2017 Жамият
 5 307

— Э, нима деяпсан?! Болага кўрсатиб бўларканми? Ҳали яшу у! — деди отахон росмана жаҳли чиқиб.

Қишнинг қаҳратон кунларида чоллар иссиққина уйида ўтиради ёки дам олиш кунлари чойхонада чойхўрлик қилишади. Бизга таниш отахон ҳам бугун чойхонада экан. Ташқарида қалин қор ёғяпти, ичкарида эса чоллар гур-гур этиб кулар, ҳар замонда хўриллатиб кўк чой ичиб қўйишарди. Деворга илинган телевизорга қараб, гоҳ тиззаларига уриб, гоҳ қўлларини чарсиллатишар, баъзи-баъзида “жа бизбоп экан-да”, деб бақиришарди.
 
Гурунг охирлаб, чоллар ўринларидан туришганида ичкарига кириш пайига тушдим. Отахоннинг вақтини билишим керак эди. Эшикни очганимни пайқашмади. Оёқ кийимимни ечганимда ўз-ўзидан суҳбатларига шерик бўлдим.
 
— Шу носни еворадиган қиб чиқармағанакан-да, ошна, — деди бўйи пастроқ бир чол отахонга ҳазил аралаш ва бир чеким носни оғзига отди.
 
Отахон ҳам нос солиб, бирпас ҳузурини тортти-да, носи билан ҳазилга жавоб қилди:
 
— Ие, шен ҳалиям емаяпшанми? Биж эйталаблайи чойга қўшиб уйволяппиш, — дедию шарақлаб кулиб юборди.
 
Уларнинг суҳбатига қотмадан келган, ориққина, доим тиришиб юрадиган бир чол қўшилди:
 
— Оббў, яна отволишдингми? Менга қара, ано пенсияни пластикка ташаберорса бўмасмикин, бориб келишга эриняппанта, шунақа совуқда. Кассирга айтсам, иложим йўқ, пақат нақ берамиз, деб турволди.
 
— Оббў, оббўчи келдими? — деб отахон яна хандон отди. — Ҳай бий гапини оббўдан бошледи. Олдин пеншиямни наққа гаплашбей, дейди, энди бунақа. Пастаянний нолийди, — деди-да, жаҳл қилган бўлиб, четга носни туфлади ва тағин қаҳқаҳа урди.
 
Шу онда уларга қўшилиб кулаётганимни кўриб, “бияққа ке”, дегандек қўли билан менга имлади. Салом бериб, қўшқўллаб кўришдим. Супа четига ўтирдим. Фотиҳадан кейин ҳол-аҳвол сўрашдик. Гап яна кулгига тақалди.
 
— Кўрмесанми буларди, болам, — гап бошлади отахон. — Неварамга айтгандим, Милёнми-пилёнми чиқибдию, ашини абкебер, кўрейлик-чи бир, дегандим. Шунга раса кулишдик. Ўзиям ғирт чойхонани гаплари, у болларам пақат чойхонада юрса керай-та, а? Сен яхши биласану.
 
Мийиғимда кулдиму, саволига савол билан жавоб бердим:
 
— Неварангиз ўзи ҳам кўрибдими? Бирга кўрдингларми?
 
— Э, нима деяпсан?! Болага кўрсатиб бўларканми? Ҳали яшу у! — деди отахон росмана жаҳли чиқиб. — Яхшиси, сен уларни Симпилисга чақир, бизда унданам зўрлари бор, ичаги чиқипполади, — чол шундай деб, шеригининг тиззасига шапатилаб, хохолади.
 
— Апрелда концерт беришяпти экан, балки ўзинглар борарсизлар? — дедим маълумот учун гапиргандай.
 
— Қайда бўлади у канцертинг, болам?
 
— Тошкентда. Оилавий боринглар, айланиб келасизлар, — дедим яна қитмирлигим тутиб.
 
— Оилавий? — чолнинг қошлари чимирилди. — Бунақа канцертга семейний борадиганларам бораканми? — Ёнидаги шеригига қараб: — Чойхонагаям семейний келсак бўларкана, ошна, — деди-да, икковлон хандон отиб кулишди.
 
— Кампиринг чой ташиб турадими шунда? — дея ҳазилга ҳазил қилди пакана чол чала тишларини кўрсатиб.
 
— Ҳамма ўзи хоҳлаганича боради, бу уларнинг эрки, — дедим фикримни давом эттириб, — тағинам уятсиз ҳазиллари охирги концертида анча кам экан, ҳар ҳолда ўзлари шунақа деб интервью берибди.
 
— Нима? — отахон кулгидан қотиб қолди. — Ҳали бу камимиди? Унда точна канцертга боришим керак экан, ошна, айланиб келамизми? — дедию яна хандон отишди.
 
Мен ҳам уларга жўр бўлдим. Нимага келганим эсимдан чиқди. Эшикдан кирган чойхона хизматчиси отахоннинг буйруғи билан менга чой узатди. Хонада учаламиз қолганимизни шунда пайқабман.
 
— Яна биннималар ёзгани келовдингми, болам? Бугунмас. Чарчадим, кейин, кўряпсану, кайпият жалоба қиладиган аҳволдамас, — деб ота яна кулди. — Ундан кўра ош е, дердиму, ошниям тугатдик, — яна кулги. — Балки нос чекарсан, ома униям ошга қўшиб... — иккала чол тағин қаҳқаҳа солишди.
 
Хуллас, бугун уларнинг кайфияти чоғ эди, муаммо сўрашга ботинолмадим, барибир бирор нима айтишига ҳам кўзим етмасди.
14 февраль, 2017 йил
Заҳириддин

Теглар:Симпилис Миллион 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар