“Истиқлол” санъат саройида март ойида кутилаётган концерт дастурлари ҳақида маълумот берамиз.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Ғуломжон Ёқубов доимий анъанага содиқ қолган ҳолда 1-2 март кунлари “Истиқлол” санъат саройини банд этган. Хонанда “Сени қўмсагайман” деб номланган навбатдаги яккахон концерт дастурини тақдим этмоқда. Концертнинг биринчиси сеанси бугун, 1 март куни соат 19:00 да бўлиб ўтади.
Байрам олдидан аёллар учун аталган концерт дастурлари кўп. Булардан бири “Сен азиз ва муқаддассан, муқаддас аёл!” номли концерт дастуридир. Концерт 3-4-5 март кунлари соат 19:00 да “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтади.
Миллий эстрада санъатининг илғор вакилларидан бири Ўзбекистон халқ артисти Зулайҳо Бойхонова 7-8 март кун “Истиқлол” санъат саройида уч сеансли концерт дастурини тақдим этади. “Ўзбекойим” деб номланган концерт 7 март куни соат 19:00 да, 8 март куни соат 14:00 ва 19:00 да бўлиб ўтади.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонованинг концерт дастури энг кутилган концертлардан бири экани, шубҳасиз! Хонанда жорий 10-24 март кунлари 15 кун давомида “Истиқлол”ни забт этади. Жонли ижродаги концерт дастурига катта тайёргарлик кўраётган Юлдуз Усмонованинг навбатдаги 15 кунлик концерти кутилганидан аъло даражада ўтишига, умид қиламиз.
Устоз санъаткор Юлдуз Усмоновадан кейин эстафетани ёш хонанда Музаффар Мирзараҳимов қўлига олади. Хонанда жорий йилнинг 25 март куни “Истиқлол” санъат саройида илк яккахон концерт дастурини тақдим этишга киришган. Эътиборли жиҳати шундаки, концертга хонандани танитган қўшиқ, “Лолажон” номи берилган. Кўрамиз, Музаффар Мирзараҳимов халқ қаршисидаги илк имтиҳонни неча баҳога топшираркин...
“Миллион”нинг концерти ҳақиқатан кутилган концертлардан бири. Жамоанинг янги таркиби 30-31 март ва 1-5 апрель кунлари кулгу шинавандаларини “Истиқлол” саройига чорламоқда. Таъкидлаш жоизки, “Миллион”ни ҳам оғир имтиҳон кутмоқда. Жамоанинг янги таркиби бу имтиҳондан эскиси каби ўта оладими ёки йўқ, бунга мухлис баҳо беради.
Март ойида қайси дам олиш учун қайси концертни танлашингиздан қатъи назар сизга мароқли ҳордиқ тилаймиз!