Шоҳруҳхоннинг маъмури ажрим ҳақида республика бўйлаб тарқалган миш-мишларда “Даракчи”ни айблади.
Унинг маълум қилишича, бугун “Даракчи” нашри “Шоҳруҳхон: “Салом, озодлик”. Юлдузли жуфтликнинг севгиси якун топдими?” номли мақола чоп этган”. Мақолада келтирилишича, “Хонанда Шоҳруҳхон ўзининг Instagram’даги саҳифасига мухлислари ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган суратни жойлади. Суратда қоқ ўртасидан бўлинган юракни йигит ва қиз кўтариб кетаётгани тасвирланган. Хонанда суратга “Салом, озодлик” дея изоҳ қолдирган”.
Компьютер графикаси ёрдамида тайёрланган анимацион суратга асосланган ҳолда “Даракчи” нашри “Юлдузли жуфтликнинг севгиси якун топдими?” номли сарлавҳа билан одамлар эътиборини тортишга уринди ва бунинг уддасидан ортиғи билан чиқа олди. Бутун республика бўйлаб “Шоҳруҳхон ва Асал ажрашганмиш” қабилидаги гап-сўзлар тарқалди. Мазкур савол билан таҳририятимизга мурожаат қилганлар ҳам бўлди. Шоҳруҳхоннинг маъмури биз билан боғланар экан, журналистларни ўзбилармончиликда айблаб, ОАВни сарлавҳа орқали бўҳтон тарқатишга уринаётганини таъкидлади.
“Шоҳруҳхон ва Асалнинг оиласи тинч. Ҳеч қандай шов-шувга ўрин йўқ. Бугун улар янги клипнинг тасвирга олиш ишлари билан банд. ОАВ тарқатаётган хабари билан бировнинг тинч ҳаётига, турмушига дахл қилмаслиги керак, менимча”, дейди хонанданинг маъмури. У сўзи сўнггида республика бўйлаб ажрим ҳақидаги гаплар тарқалишига фақат “Даракчи”да чиққан мақола сабаб бўлганини айтди.
“Даракчи” Шоҳруҳхон ва Асалнинг ажрашиши билан боғлиқ гап-сўзларни янада авж олдиришни мақсад қилган кўринади. Нашрнинг таъкидлашича, “Шоҳруҳхон ва Асалнинг шахсий саҳифасидан уларнинг аксарият бирга тушган суратлари ўчириб юборилган. Асалнинг Instagram’даги саҳифасида Шоҳруҳхон билан бирга тушган биронта ҳам сурат қолмаган. Бу ҳолат эса миш-мишларни тобора авж олдирмоқда”.