...
МЕНЮ
ONLINE TV

Муҳаббат Шамаеванинг ижодий кечасига фонограммачи “юлдузча”лар эмас, ҳақиқий афсоналар тўпланди


15:25, 26.08.2016 Шоу-бизнес
 16 312

Қарийб 30 йилдан буён АҚШда истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева шу кеча-кундузда Тошкентда меҳмон бўлиб турибди.

Аввалроқ, Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаеванинг Тошкентга келгани ҳақида хабар берган эдик. Кеча, 25 август куни пойтахтдаги “Баҳор” ресторанида ҳофизанинг таваллуд айёми муносабати билан ижодий кечаси бўлиб ўтди.
 
Бу аёлни кекса ва ўрта авлод вакиллари жуда яхши танийди. Ёшлар орасида ҳам уни биладиганлар кам топилади. Лекин “Кўчалар”ни эшитмаган ўзбек йўқ. Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева “Кўчалар”ни куйлаганида, жуда ёш эди. Ўзбекистон кўчалари ҳам бугунгидек нурафшон, кенг ва равон бўлмаган, албатта. Қарийб 30 йилдан буён АҚШда она юрти, тандир нони иси, таниш-билиш, қариндошлардан йироқда Ватан соғинчи-ла яшаётган санъаткор Истиқлол сабаб ўзбекнинг косаси оқаргани, номини дунё танигани ва тан олгани, кўчаларимиз ҳув ўша қўшиқда айтилганидек, ойдин ва гўзал бўлиб кетганидан мамнун. 72 ёшни қаршилаган ҳофиза ҳамон ғайратли, жонли ижрони канда қилмайди. Унинг ижодий кечасига ташриф буюрганлар бунинг яна бир бор гувоҳи бўлишди.



Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева даврани “Кўчалар” билан очди ва йиғилганни байрам билан муборакбод этиб, Ўзбекистонни, қадрдон ҳамкасблари ва шогирдларини жуда соғинганини айтди.


 




Кечага бугунги шоу-бизнеснинг фонограммадан нарига ўтолмайдиган “юлдуз”лари эмас, аксинча, ўзбек мумтоз мусиқа санъати ва эстрадасининг ҳақиқий иқтидорлари, тирик афсоналар – Ўзбекистон халқ артистлари Фаррух Зокиров, Ҳасан Ражабий, Ҳайрулла Лутфуллаев, Шерали Жўраев, Насиба Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Султонпошша Ўдаева, Гулбаҳор Эрқулова ташриф буюришди. Хонанда Гулбаҳор Эрқулова шу куни мезбонлар қаторида бўлиб, меҳмонларни қарши олди. Шамаеванинг ҳам шогирдлари ичида Эрқуловага меҳри бўлакча. Ҳофиза қачон Ўзбекистонга келса, Эрқулова унга пешвоз чиқади.




 






Давра тўридан ўзбек санъатининг дарғалари, мусиқа, кино, театр ва телевидениенинг устоз ижодкорлари ҳам ўрин олди. Ўзбекистон халқ артистлари Гулчеҳра Жамилова, Бахтиёр Ихтиёров, Абдулаҳад Абдурашидов, Маъмура Эргашева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулчеҳра Ибраҳимбекова, Саида Раметова, Бекзод Муҳаммадкаримов, Зиёда Мадраҳимова, Абдураҳмон Холтожиев Муҳаббат Шамаеванинг санъатига баҳо бериб, унинг Ўзбекистондаги фаолиятига доир қизиқ воқеаларни хотирлашди.


 
“Муҳаббат Шамаева билан опа-сингил тутунганмиз. Тошкентда яшаганларида қўшни бўлганмиз. Кўп гастролларга бирга борардик. Ҳақиқий дўст мусофирчиликда синалади, деганларидек Муҳаббат опа яхши инсон ва яхши опа, дўст бўла олишини бошқа мамлакатларга бўлган сафарларда билганман. Бугун ўғлим Отабек АҚШда. Муҳаббат опанинг кўз ўнгида, уларнинг ўғиллари билан қўшиқ куйлаяпти”, дейди Зиёда Мадраҳимова.


 
















Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевдан тортиб Насиба Абдуллаевагача, ҳатто, давлат ва жамоат ташкилотларида масъулиятли лавозимларда ишлаган, Муҳаббат Шамаева билан даврдош бўлганлар сўзга чиқиб, унинг ижоди ва фаолияти ҳақида сўз айтар экан, турмуш ўртоғи Илёс Маллаевнинг бу жабҳада тутган мавқеи, Шамаеванинг халқ орасида танилиши ва қўшиқлари миллионлар қалбидан жой олишида оилавий муҳитнинг ўрни катта эканини алоҳида таъкидлашди.


 


Тез кунда АҚШда истиқомат қилаётган, айни дамда Тошкентда меҳмон бўлиб турган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаббат Шамаева билан интервьюни эътиборингизга ҳавола этамиз.
 Қамариддин Шайхов
Суратлар муаллифи: Дилшод Каримов

Теглар:Муҳаббат Шамаева Гулбаҳор Эрқулова 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!