WBA International камари соҳиби Шоҳжаҳон Эргашев билан эксклюзив интервьюни тақдим этамиз.
Аввалроқ, WBA International камари соҳиби Шоҳжаҳон Эргашев Миллий олимпия қўмитасига ташриф буюриб, Умид Аҳмаджонов қабулида бўлгани ҳақида хабар берган эдик. Учрашувда Миллий олимпия қўмитаси раҳбари боксчи учун барча шарт-шароитларни яратиб беришга тайёрлиги, ундан фақат ғалабалар кутиб қолиши ҳақида айтиб ўтганди.
Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати фурсатдан фойдаланиб, Шоҳжаҳон Эргашев билан интервью ташкил қилди. Эътиборингизга ушбу эксклюзив интервьюни тақдим этамиз.
WBA International камари учун жанг ҳақида
WBA International камарини қўлга киритиш осон бўлгани йўқ. Бу сафарги ҳислар умуман бошқача бўлди. Чунки, ватанга камар билан қайтиш одамга бошқача бир ҳис-туйғу бағишлайди. Бундан жуда хурсандман. Мени қўллаб-қувватлаб турган инсонларга раҳмат айтаман. Насиб қилса, бундан ҳам йирикроқ ғалабаларни қўлга киритаман.
Навбатдаги режалар
Келажакда рейтингда биринчи ўринни эгаллаб турган боксчига қарши жанг қиламан ва уни мағлуб этмоқчиман. Сўнгги жангимнинг эртасигаёқ яна машғулотларни бошлаб юбордим. Чунки, ҳали ўйлаган мақсадимга етганим йўқ. Кейинги жангимга Ўзбекистонда жиддий тайёргарлик кўряпман. Яқинларим мени қўллаб-қувватлаб туришибди. Бу орқали янада кучли бўламан. Ишонаманки, барчаси яхши бўлади.
Кейинги жанг
Промоутер, менежерларим билан биргаликда навбатдаги жангимни август ойи бошига режалаштиряпмиз. Бу чемпионлик жанги бўлиши ҳам мумкин. Август ойи бошида, сўнгра йил охирида рингга чиқмоқчиман. Ҳозирги режаларим шулардан иборат.
МОҚ раҳбари билан учрашув ҳақида
Тўғриси бундай учрашув бўлишини умуман кутмагандим. Чунки, мен Олимпия ўйинларида иштирок этмаганман. Ўзбекистон терма жамоаси сафида кам мусобақаларда қатнашганман. Юртимизда спортга бўлган эътибор, қолаверса, Умид Аҳмаджоновнинг сўзларидан янада рухландим. Бу спортчи учун яхшигина далда бўлади. Умид Маҳаммаджонович мен учун зарур бўлган барча шароитларни яратиб беришга тайёр эканликларини маълум қилдилар. Тезроқ чемпион бўлишим лозим. Бу эсда қоларли учрашув бўлди.
Осиё ва Олимпия ўйинлари
Мусобақаларда иштирок этишим мумкин. Мен Олимпия, Осиё ўйинларида, жаҳон чемпионатларида иштирок этиб, юртимиз байроғини юқориларга кўтаришни бир умр орзу қилганман. Балки, ушбу орзуимга бир кун келиб етишарман. Менга имкон беришларини истардим. Ҳали ўзимнинг тўлиқ имкониятларимни кўрсата олганимча йўқ. Бир кун келиб албатта ватанимизга олтин камарни олиб келаман.
Ўзбек спортидаги ислоҳотлар ҳақида
Ўзбекистонда спорт яхшигина ўсди. Айниқса, яккакураш баҳсларида ривожландик. Миллий олимпия қўмитаси ҳам спорт ривожи йўлида кенг кўламда ишлар олиб бормоқда. Ўзбек ёшлари бундай имкониятдан фойдаланишлари лозим. Бундай шароитлар ҳамма жойда ҳам бўлавермайди. Баъзи мамлакатларда ҳаттоки Олимпиада чемпионларига ҳам эътибор бу даражада эмас. Спортга эътибор жуда юқори. Бунинг учун юртбошимизга, спорт соҳасидаги мутасаддиларга каттадан-катта раҳмат айтаман.
Ўзбекистонда жанг қилиши мумкин
Албатта, ўз жангларимдан бирини Ўзбекистонда ўтказишни истайман. Ватандошларим кўз ўнгида жанг қилиб, уларнинг қўллаб-қувватлаши билан рингга чиқишимни хоҳлайман. Бунинг учун имконият бор. Бугунги кундаги энг асосий мақсадим жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритишдир. Бу йўлда керак бўлса уйқудан воз кечиб, тинимсиз машғулот ўтказяпман. Насиб қилса, жаҳон чемпионлиги камари меники бўлади.
Акмалхон Эшонхонов