Бир неча кун давомида муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур постни Шаҳзода Муҳаммедова Instagram’даги саҳифасидан олиб ташлади.
Мазкур масала юзасидан ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб муштарийларимиз ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар. Кўплар бу вазиятда Шаҳзода Муҳаммедовани қоралаб, қилаётган ишлари хато эканини, устоз санъаткор бундай муносабат, ҳақоратларга лойиқ эмаслигини айтишди. Улар орасида Шаҳзодани оқлаган, вазият шуни тақозо этгандир, деганлар ҳам топилди. Дилором Омонуллаева эса бўлиб ўтган воқеалар ҳақида ўз фикрларини баён этар экан, бу ҳолатга оғир-босиқлик билан ёндашаётганини, Шаҳзода билан бақир-чақирга тоқати йўқлигини маълум қилганди.
Бу ҳолатга ўзбек зиёлилари, маданият ва санъат олами вакиллари ҳам жим қараб тургани йўқ. Ҳадиксирамагани ОАВ орқали, қолганлари зимдан Дилором Омонуллаеванининг ёнини олиб, Шаҳзоданинг хатти-ҳаракатларини ҳеч қандай йўл билан оқлаб бўлмаслигини айтиб чиқишди. Ўзбекистон давлат консерваторияси Бастакорлик ва чолғулаштириш кафедраси мудири, доцент, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, Халқаро танлов ва фестиваллар ғолиби Ойдин Абдуллаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Гулбаҳор Эрқулова, Дилноза Исмияминова, “Ниҳол” мукофоти совриндори Манзура Йўлдошеванинг фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этган эдик.
Шаҳзода Муҳаммедова ижтимоий тармоққа жойлаштирган икки постида Дилором Омонуллаевани қаттиқ ҳақорат қилиб, уни руҳан касал, разил инсон, деб таърифлаган, пора олишига шаъма қилган, уни азроилга қиёслаган эди. Бир неча кун давомида муҳокамаларга сабаб бўлган мазкур постни Шаҳзода Муҳаммедова Instagram’даги саҳифасидан олиб ташлади. Балки у маданият ва санъат соҳаси вакилларининг эътирозларини тўғри қабул қилиб, узр сўраши ҳақидаги таклифларини инобатга олгандир. Тез орада у Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, бастакор Дилором Омонуллаевадан қилган ишлари учун узр сўраса ҳам, ажаб эмас.
Воқеалар ривожини биргаликда кузатишда давом этамиз.