...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шаҳар ҳокими ваъда қилди: Чилонзордаги етимларнинг ҳар бирига алоҳида уй берилади


21:16, 31.05.2018 Жамият
 14 004

Бугун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Qalampir.uz журналисти Акмал Эшонхонов билан Чилонзордаги ётоқхонага борди.

Бугун, 31 май куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Тошкент шаҳар прокурори Шерзод Облақулов ва бир қатор бошқа мутассади раҳбарлар Чилонзор тумани, Дилхуш кўчаси, 38-уйда жойлашган ётоқхонага борди. Маълумки, ушбу ётоқхонада 80 нафардан ортиқ вояга етган етим болалар ва ёрдамга муҳтож қариялар яшайди.
 
 
Аввалроқ, ётоқхонадаги вазиятни ўрганиш учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Qalampir.uz журналисти Акмал Эшонхонов билан ушбу ётоқхонага боргани ҳақида хабар берган эдик.
 
 
Ётоқхонада аҳвол оғир эди. Аммо, бу муаммонинг ҳал этилиш узоққа чўзилмайдиган бўлди. Тошкент шаҳар ҳокими бу ишга бош қўшиб, етим болалар ва қарияларни 45 кун ичида янги уй-жойлар билан таъминлашга ваъда берди.
 
 
Ётоқхона тез орада тадбиркорларга фойдаланиш учун берилади. Сичқон, каналар дастидан тунларни бедор ўтказаётган етим болалар ва қарияларга келгуси 45 кун давомида алоҳида уй-жой берилади. Вояга етган етим болалар келажакда иш билан ҳам таъминланади. Таъбир жоиз бўлса, уларнинг жамиятга қўшаётган ҳиссаси, ижтимоий аҳволи, кунлик яшаш тарзи кузатиб борилади.
 
 
Шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ушбу ётоқхонада яшайдиганлар билан мулоқот ўтказиб, уларнинг мурожаатларини тинглади ва уларга: “45 кун давомида ҳар бирингиз биттадан алоҳида яшаш жойига эга бўласиз, насиб қилса, Мустақиллик байрамини янги уйларда ўтказасизлар. Бугунги кундан бошланган иш жараёнини шахсан ўзим назорат қиламан”, дея ишончли сўзларини айтди.
 
 
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 164-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни турар жойлар билан таъминлаш белгилаб қўйилган.
 
Шу ўринда айтиш жоиз, бу ётоқхонада қарийб беш йил умрини ўтказган болалар ва қарияларнинг кўплаб мурожаатлари ҳозирга қадар хал этилмасдан келинаётган эди.
 
“Qalampir.uz” журналисти Акмал Эшонхонов ётоқхона шароити қандай эканлигини бундан аввалги 3 та мақоласида очиқчасига ёритди. Танқидий руҳдаги бу мақолаларга масъуллар томонидан авваллига эътибор қилинмади. Кейинроқ, “олиб ташланг” қабилидаги муносабат билдирилди. Иш катталашган сари, катталарнинг эътиборини тортди. Чилонзор тумани ҳокими ҳақиқий аҳвол ёритилган ушбу мақола учун журналист Акмалхон Эшонхоновдан раддия талаб қилган бўлса, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев маърифат билан иш тутди. Ўзини ўша етимлар ўрнига қўйиб кўрди.
 
Энди бу ётоқхонада яшайдиган қария ва болаларнинг янги уйларидан чакки ўтмайди, улар сичқон ва каналарга таланмайдилар. 80 нафардан зиёд етим болалар ва қарияларга бугун Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев катта эътибор берди, уларнинг дардини тинглади. Шунчаки, тинглаш ёки қоғозга тушириш билан чекланиб қолмади. “Qalampir.uz” орқали кўтарилган масаланинг ечимини ижобий тарафлама хал қилиб берди.
 
Фурсатдан фойдаланиб, “Qalampir.uz” таҳририяти номидан Чилонзор тумани Дилхуш кўчаси 38-уйда жойлашган ётоқхона яшовчилари муаммосини ҳал этиб беришда бош-қош бўлган маъсуллар ҳамда Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга алоҳида миннатдорчилик билдирамиз. Улуғ ойдаги савобли амалларининг мукофоти ортиғи билан қайтсин.

















Акмалхон Эшонхонов

Теглар:Чилонзор етим болалар Дилхуш Жаҳонгир Ортиқхўжаев 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Қайси мобил оператор хизматидан фойдаланасиз?

Барча сўровлар