Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди.
Дастлаб Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги “Ватан ҳимоячилари” монументига гул қўйди. Тинчлик, озодлик йўлида жон фидо қилган ватанпарвар инсонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Ёдгорлик мажмуаси билан танишди.
Шавкат Мирзиёев Қозоғистон пойтахтидаги Давлат раҳбарлари хиёбонига кўчат ўтқазди. Бу ерда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов эккан дарахт баравж ўсмоқда.
Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради. Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Президентлар мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Унда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимизда Қозоғистон капитали иштирокида тузилган қарийб 230, Қозоғистонда Ўзбекистон ишбилармонлари билан ҳамкорликда ташкил этилган 130 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда.
Қозоғистоннинг Мақтаарал тумани ҳудудидан ўтган Тошкент ва Самарқандни боғловчи автомобиль йўлининг очилиши, Тошкент – Олмаота тезюрар поезди ва икки мамлакат шаҳарлари ўртасида автобус қатновининг йўлга қўйилгани транспорт коммуникациясини янада кенгайтиради, ҳудудлараро алоқалар, савдо ва туризм ривожига хизмат қилади.
Музокаралар якунида давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 13 ҳужжат имзоланди. Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар.
Парламентаризм, солиқ, транспорт, мудофаа, савдо-саноат ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка оид ҳужжатлар ҳам имзоланди.
Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида 2017-2019 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик стратегияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик тўғрисидаги битим улар орасида алоҳида аҳамиятга эга.
Ташриф доирасида Остона шаҳрида Ўзбекистон Миллий саноат кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди. Бизнес-форумда Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг 500 дан ортиқ ишбилармонлари иштирок этди. Уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати қарийб 1 миллиард доллар бўлган савдо шартномалари ва инвестициявий битимлар имзоланди.
Куннинг иккинчи ярмида Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Нурсултон Назарбоев “Остона-Опера” Давлат опера ва балет театрига ташриф буюрдилар. Президентлар бу ерда “Қиз Жибек” операсини томоша қилдилар.
Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари “Назарбоев университети” ва “MEGA Silk Way” савдо марказини бориб кўрди. Мирзиёев университетнинг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Президентлар «ЭКСПО – 2017» халқаро кўргазма майдонининг “Нур олам” павильонига ташриф буюрдилар. Шавкат Мирзиёев “ЭКСПО – 2017” ихтисослаштирилган халқаро кўргазмаси ишбилармон доиралар, корхоналар ўртасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, истиқболли келишувларга эришиш йўлида муҳим тадбир бўлишини таъкидлади.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон Республикасига давлат ташрифи ниҳоясига етди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевни Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев кузатиб қўйди.