...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёевнинг Ислом Каримов ҳайкали очилиш маросимидаги нутқи


23:35, 31.08.2017 Жамият
 3 107

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси акс этган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этган.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев 31 август куни Оқсарой қароргоҳида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов сиймоси акс эттирилган ҳайкалнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этиб, нутқ сўзлагани ҳақида хабар берган эдик. Эътиборингизга Президентнинг нутқини тақдим этамиз.
 
*-*-*-*-*-*-*
 
Қадрли ватандошлар!
 
Ҳурматли Татьяна Акбаровна!
 
Азиз меҳмонлар!
 
Бугун сизлар билан азим Тошкентнинг табаррук маскани – Оқсарой қароргоҳи олдида, муҳим тарихий воқеа муносабати билан, тўпланиб турибмиз.
 
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил давлатимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти муҳтарам Ислом Абдуғаниевич хотирасига бағишлаб бунёд этилган ҳайкалнинг очилиш маросимида иштирок этмоқдамиз.
 
Ислом Абдуғаниевич бутун умрини жонажон Ўзбекистонимиз учун, унинг озодлиги ва буюк келажаги учун бағишлади.
 
Ислом ака тарихимизнинг энг мураккаб ва оғир даврида – миллатлараро зиддиятлар авж олган, иқтисодиёт чуқур инқирозга учраб, республикамиз жар ёқасига келиб қолган кескин ва таҳликали бир шароитда мамлакатга раҳбарлик қилиш масъулиятини ўз зиммасига олдилар.
 
Ватанимиз тарихида янги давр бошланган кун – 1991 йил 31 августда Ислом Абдуғаниевич Ўзбекистон мустақиллигини эълон қилдилар ва чорак аср давомида давлатимизни изчиллик ва собитқадамлик билан бошқардилар.
 
Биринчи Президентимиз раҳбарлиги остида, тарихан қисқа даврда, юртимизда кенг кўламли таркибий ислоҳотлар амалга оширилди. Юқори технологияларга асосланган янги саноат тармоқлари барпо этилди ва ривожлантирилди. Замонавий йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари бунёд этилди. Қишлоқ хўжалигида чуқур ислоҳотлар амалга оширилди.
 
Ислом Абдуғаниевич бошчилигида Ватанимиз мустақиллиги ва сарҳадларимиз дахлсизлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган замонавий миллий армия барпо этилди.
 
Буюк Юртбошимизнинг ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий қадриятларимизни тиклаш, муқаддас динимиз, урф-одатларимиз, бебаҳо тарихий меросимизни асраб-авайлаш ва ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
 
Ислом Абдуғаниевич ўз ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни бўлган “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” деган эзгу ғояни илгари сурдилар ва бу даъват барчамизнинг қалбимиздан чуқур жой олди.
 
У киши “Элим деб, юртим деб, ёниб яшаш керак” деган ўзининг ғоясига бир умр амал қилиб, келажак авлодлар учун буюк ибрат мактабини яратдилар.
 
Ислом ака миллатнинг ҳақиқий етакчиси сифатида она халқини, гўзал ва бетакрор Ўзбекистонни жонидан ҳам ортиқ севар, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва рўёбга чиқаришни ўз ҳаётининг бош мақсади, деб билар эдилар.
 
Ўз навбатида, халқимиз ҳам доимо эл-юрт ташвиши билан яшаган Биринчи Президентимизни чексиз меҳр билан севар ва ўзининг улуғ раҳбари сифатида у киши билан ҳақли равишда фахрланар эди.
 
Ҳурматли ватандошлар!
 
Биринчи Президентимизнинг хотирасини абадийлаштириш учун халқимиз, кенг жамоатчиликнинг хоҳиш-истаклари ва таклифларини инобатга олиб амалга ошираётган ишларимиз, ўйлайманки, барчангизга яхши маълум.
 
Тошкент шаҳридаги халқаро аэропорт, Тошкент давлат техника университети, Асака автомобиль заводи, Фарғона шаҳридаги Санъат саройи, пойтахтимиз ва ҳудудларимиздаги марказий кўчалар, Оқсарой қароргоҳида ўз фаолиятини бошлаган илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси, махсус хайрия жамоат фонди Ислом Абдуғаниевичнинг муборак номлари билан аталди.
 
2 сентябрь куни хайрли ишларимизнинг давоми сифатида Ислом Абдуғаниевич туғилиб вояга етган, мангу ором топган азим Самарқанд шаҳрида улуғ Йўлбошчимизнинг ҳайкали очилишига бағишланган маросим ўтказилади.
 
Шунингдек, Қарши шаҳрида ҳайкал ўрнатиш ва Самарқанд шаҳрида ёдгорлик мажмуасини барпо этиш бўйича бошлаган ишларимизни тўлиқ  якунлаб, у кишининг туғилган кунига 80 йил тўладиган сана – 2018 йил 30 январда тантанали очилиш маросимини ўтказамиз.
 
Муҳтарам дўстлар!
 
Биринчи Президентимиз ҳаётининг энг фаол ва жўшқин пайтини – талабаликдан бошлаб, умирининг охирига қадар бўлган даврни азим Тошкент шаҳрида ўтказдилар. Ўзларининг бор билим ва салоҳиятини, ғайрат-шижоатини Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудлари қатори пойтахтимизнинг янада обод ва кўркам бўлишига, гуллаб-яшнашига бағишладилар.
 
Ислом Абдуғаниевич Тошкентни Ватанимизнинг олтин остонаси, деб атар эдилар.
 
У кишининг “Тошкент тимсолида Ўзбекистонни, Ўзбекистон тимсолида Тошкентни кўрамиз”деган чуқур маъноли сўзларини шу бугунги тарихий кунда яна бир бор эсга олиш ўринли, деб ўйлайман.
 
Биринчи Президентимиз томонидан барпо этилган мана шу қароргоҳда у кишининг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг энг ёрқин дамлари ўтган эди.
 
Айнан шу ерда халқимиз, мамлакатимиз тақдири ва келажагига оид ғоят муҳим бўлган кўплаб фармон ва қарорлар қабул қилингани сизларга яхши маълум.
 
Бундан бир йил олдин бошимизга тушган оғир мусибат туфайли ҳувиллаб қолган Оқсарой қароргоҳи бугун Ислом аканинг меҳрли сиймоси туфайли янада очилиб, нурафшон бўлиб, эл-юртимизни ўз бағрига чорламоқда.
 
Бугун, ушбу қароргоҳ олдида халқимиз, давлатимиз номидан буюк Йўлбошчимизнинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатар эканмиз, ўйлайманки, барчамиз Ислом Абдуғаниевичнинг бу муаззам ҳайкали шу майдонга алоҳида улуғворлик ва салобат бағишлаб турганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
 
Ишончим комил, бугундан бошлаб ушбу мажмуа бутун халқимиз учун бир умрга қутлуғ ва табаррук қадамжо бўлиб қолади, албатта.
 
Тошкент аҳли, мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан келадиган ватандошларимиз, чет эллик меҳмонлар, давлат ва жамоат арбоблари бу ерга ташриф буюриб, ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирадилар.
 
Бу масканга қадам қўйган ҳар бир инсон муҳтарам Ислом Абдуғаниевич юрган йўлаклардан, хиёбонлардан ўтиб, музей билан яқиндан танишиб, истиқлолимиз меъмори ва асосчиси билан хаёлан учрашгандек, мулоқот қилгандек бўлади.
 
Барчамизга яхши маълум, Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашида ҳам Ислом Абдуғаниевичнинг хизматлари беқиёсдир.
 
Фурсатдан фойдаланиб, бугунги маросимда иштирок этаётган, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий давлатларнинг элчилари ва дипломатик корпус вакилларига Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти хотирасига кўрсатаётган ҳурмат ва эътиборлари учун чин қалбимдан миннатдорлик билдиришга рухсат этгайсиз.
 
Азиз дўстлар!
 
Ишонаман, Ислом Абдуғаниевичнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаган ушбу қутлуғ маскан халқимиз, барча ёшларимиз учун Ватанга юксак меҳр ва садоқат кўрсатиб яшашнинг чинакам тимсолига айланади, катта тарбия ва ибрат мактаби бўлиб хизмат қилади.
 
Орадан йиллар, асрлар ўтади, муҳтарам Биринчи Президентимизнинг номи ва у киши бошчилигида амалга оширилган буюк ишлар юртимизнинг шонли тарихида ўчмас саҳифа бўлиб мангу қолади.
 
Эътиборингиз учун раҳмат.

Теглар:Ислом Каримов Оқсарой 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

Сиз ҳеч пора бериб кўрганмисиз?

Барча сўровлар