
40 йил. Бу даврда бир авлод улғаяди, жамиятда ўз ўрнини топади, фарзанд, набира орттиради. Керак бўлса, келажак авлод учун пойдевор яратадиган давр.
40 йил. Бу даврда бир авлод улғаяди, жамиятда ўз ўрнини топади, фарзанд, набира орттиради. Керак бўлса, келажак авлод учун пойдевор яратадиган давр. Афғонистонда-чи? Президент Мирзиёев айнан шунга тўхталди.
“Минг афсуски, жафокаш Афғонистон заминидаги бу тўқнашув қарийб 40 йилдан буён давом этмоқда.
Маълумки, “уруш олови” афғон халқига четдан тиқиштирилди, бу – унинг танлови эмас”, дейди Президент қатъият билан.
Давлат раҳбари йиллар давомида тинч аҳоли зиён кўрганига алоҳида эътибор қаратди.
“Ана шу йиллар мобайнида юз минглаб тинч аҳоли уруш қурбонига айланди, миллионлаб инсонлар ўз уйларини ташлаб кетишга ва бошқа мамлакатлардан бошпана излашга мажбур бўлди.
Бу можарога янги-янги кучларнинг жалб этилиши унинг мислсиз даражада кескинлашиб кетишига олиб келди. Ушбу уруш нафақат Афғонистоннинг муаммоси, балки тобора мураккаблашиб бораётган халқаро муаммога айланди.
Афғонистонда халқаро террорчи гуруҳлар сонининг кенгайиши, зўравонлик ва қон тўкишлар, наркобизнеснинг барҳам топмаётгани – буларнинг барчаси бу мамлакатдаги вазиятни жаҳон жамоатчилиги томонидан инкор этилишига йўл қўйиб бўлмаслигини кўрсатмоқда.
Энг ёмони, Афғонистондаги қуролли қарама-қаршилик ва зўравонлик шароитида бутун бир авлод вояга етди. Лекин бу, айрим экспертлар андишасизларча таъкидлаётганидек, “бой берилган авлод” эмас. Улар уруш, муҳтожлик ва қийинчиликлардан чарчаган одамлар, холос. Улар ўзаро низоларга чек қўйиб, тинч ҳаётга, ўз мамлакатини тараққиёт ва фаровонликка олиб борадиган бунёдкор меҳнатга қайтишни хоҳлайди ва шунга интилади.
Мен қатъий аминман: афғон халқида ўз фарзандлари ва келажак авлодларнинг бахт-саодати йўлида янги, тинч ҳаётни бошлаш ва барпо этиш учун куч-ғайрат, донишмандлик, мардлик ва матонат етарли”, дейди Президент
Конференция давом этмоқда.