...
МЕНЮ
ONLINE TV

Шавкат Мирзиёев: “Инвестицион лойиҳалар қоғозда қолиб кетяпти”


19:43, 14.08.2018 Жамият
 3 986

Бош вазир 144 та лойиҳа бўйича, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишига бош-қош бўлади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев раислигида навбатдаги видеоселектор йиғилиши ўтказиши ҳақидаа хабар берган эдик.
 
Бугун, 14 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат иқтисодиётига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар бермоқда.
 
Унда ҳукумат аъзолари, давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳокимлари, Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари иштирок этган.
 
Шу йил 19 июлда қабул қилинган қарорга кўра, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокида умумий қиймати 64 миллиард доллар бўлган 849 та лойиҳа рўйхати шакллантирилган. Давлати раҳбари жорий йилда 5 миллиард 800 миллион доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниши зарурлигини алоҳида таъкидлаган.
 
Бу борада тартиб-интизом ва самарадорликни таъминлаш мақсадида жорий йилги лойиҳаларни амалга ошириш учун нафақат инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва тармоқ идоралари раҳбарлари, балки Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, вазирлар, қўмита раислари ҳамда Президент маслаҳатчилари шахсан масъул этиб бириктирилган.
 
Масалан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири барча инвестиция лойиҳаларига умумий раҳбарлик қилиш билан бирга 144 та лойиҳа бўйича, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари 18 та лойиҳа бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишига бош-қош бўлади.
 
Видеоселекторда қайси раҳбар қандай инвестиция лойиҳаларига масъул экани, уларнинг қиймати ва бажарилиш муддатлари бирма-бир муҳокама қилинган. Тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш ҳолати бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилган.
 
Лойиҳаларни амалга оширишга масъул ҳар бир раҳбар шу бўйича жадвал тайёрлаб, ҳар ҳафта ҳудудга чиқиши, лойиҳа ташаббускорлари билан гаплашиб, муаммоси бўлса, зудлик билан ҳал этиши, лойиҳаларни доимий равишда мониторинг қилиб бориши зарурлиги таъкидланган. Инвестициялар бўйича давлат қўмитасига Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда лойиҳалар мониторинги бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий этиш вазифаси қўйилган.
 
“Агар лойиҳаларни амалга ошириш мониторингини автоматлаштирилган тизимга ўтказмас эканмиз, бу борадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлай олмаймиз. Бу тизим тўғридан-тўғри хорижий сармоя киритаётган инвесторларга амалий қўмаклашиб, уларнинг ишини осонлаштириши зарур” деган Шавкат Мирзиёев.
 
Яқинда Жиззах вилоятида халқаро инвестиция форуми ва Товар ишлаб чиқарувчилар миллий кўргазмасини ўтказиш режалаштирилган. Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва Жиззах вилояти ҳокимлигига мазкур тадбирларни юқори савияда ташкиллаштириш, ҳар бир соҳа, тармоқ ва ҳудуд бўйича махсус тақдимотлар тайёрлаб, намойиш этиш бўйича топшириқлар берилган.
 
Йиғилишда маҳаллий ҳокимликлар раҳбарларининг хорижий давлатларга уюштирган хизмат сафарлари натижаларига ҳам эътибор қаратилган.
 
Аввал берилган топшириққа мувофиқ, Ишчи гуруҳ томонидан бу борадаги ишлар ўрганилгани, хусусан, Фарғона, Андижон, Наманган, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида бир қатор муаммолар аниқлангани қайд этилган. Ушбу ҳудудларда фармацевтика, электротехника ва машинасозлик соҳасида кенг имкониятлар бўлса-да, асосан қурилиш материаллари ва тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш, мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳалари билан чекланиб қолингани танқид қилинган. Юқори технологик тармоқларга асосланган лойиҳалар эса умуман йўқ экани таъкидланган.
 
Кўпчилик делегация аъзоларининг мақсадли дастури бўлмагани, чет элликларга ҳудуднинг иқтисодий салоҳияти бўйича аниқ маълумотлар бермагани, айрим келишувлар қоғозда қолиб кетаётгани кўрсатиб ўтилган.
 
Масалан, жорий йилнинг март ойида Бельгияга борган Наманган вилояти делегацияси Норин туманида 200 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш бўйича 3 миллион долларлик лойиҳа келишувини имзолаган. Бироқ, орадан 5 ой ўтганига қарамасдан уни амалга ошириш бўйича амалий иш бошланмаган.
 
Қатор делегациялар хизмат сафари давомида шартномаларнинг қуруқ сони ортидан қуваётгани, оқибатда ушбу битимлар натижадор бўлмай, ўта мавҳум, маданий-гуманитар характерга эга бўлиб қолаётгани қайд этилган.
 
Шу боис Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Ташқи ишлар вазирлигига маҳаллий делегацияларнинг хорижий мамлакатларга хизмат сафарлари олдидан ташрифнинг мақсади, таклиф этилаётган лойиҳалар ва кутилаётган амалий натижалар бўйича тақдимот ўтказиш тартибини жорий этиш зарурлиги таъкидланган. Хизмат сафарида эришилган келишувлар бўйича “йўл хариталари” ва тармоқ жадваллари ишлаб чиқиш ҳамда қатъий ижро этиш бўйича топшириқлар берилган.

Теглар:Шавкат Мирзиёев инвестиция видеоселектор 

Дўстларингиз билан бўлишинг:



Ўхшаш мақолалар


Изоҳлар




Изоҳлар


Биринчи бўлиб ўз фикрингизни қолдиринг!

Тавсия

Сўровлар

qalampir.uz сайтини баҳоланг!

Барча сўровлар